Президент Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга сайланганидан кейин ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият органларида кадрлар алмашинуви бошланди. Ноябрь ойи бошидан буён Навоий, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида ҳокимлар алмаштирилди.

8 ноябрь куни Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармасининг собиқ бошлиғи Нормат Турсунов О. Қобул Турсунов ўрнига Навоий вилояти ҳокими в. б. этиб тайинланди. 18 ноябр куни Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси Муротжон Азимов Қашқадарё вилояти ҳокими в. б. бўлди. Ушбу вилоятнинг собиқ раҳбари Зойир Мирзаев эса Чирчиқ маъмуриятига раҳбар бўлган Даврон Ҳидоятов ўрнига Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Ҳокимлар сўнгги иш кунларида турли қарорларни қабул қилишди — маблағ ажратишдан тортиб, автомобилни бошқа ташкилот балансига ўтказишгача. Ҳокимлар аввалги лавозимларини тарк этишдан олдин қандай қарорларни имзолагани ҳақида «Газета.uz» изланиш олиб борди.

Навоий вилоятининг собиқ ҳокими Қобул Турсунов (чапда) Тошкент Ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

Навоий вилоятининг собиқ ҳокими Қобул Турсунов 7 ва 8 ноябрь кунлари E-qaror портали маълумотларига кўра, бешта қарор ва фармойишни имзолаган. Улардан бири билан Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармасига 2019 йил августида шаҳардаги «Дам олиш кўли» ҳудудидан ажратилган 26,03 гектар ер майдонининг бир қисмига, яъни 0,27 гектар ер майдонига бўлган доимий фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилиниб, ер майдони шаҳар захира ерлари ҳисобига қайтариш кўрсатилган.

Бошқа бир қарор билан Навоий вилояти ҳокимлиги ҳузурида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ипотека кредитлари бўйича қарздорликларини сўндириш жамғармаси ташкил этилган.

Қобул Турсунов ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами муносабати билан Навоий вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосарлари ИИБ бошқармалари бошлиқлари ва бошқалардан иборат 56 нафар мутасадди ходимларни фахрий ёрлиқлар билан тақдирлади.

7 ноябрь куни собиқ ҳоким Навоий вилояти ҳокимлиги ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича котибияти бош мутахассиси БотирРузматовга нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазо чорасини қўллади.

Охирги иш куни, 8 ноябрда Қобул Турсунов 30 дан зиёд ташкилотларга 22,49 млрд сўм ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ушбу маблағларнинг катта қисми — 3 млрд сўми коронавирусга қарши курашишда қўлланилаётган дори воситаларини сотиб олишга йўналтирилган. Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи З. Расуловнинг 20 октябрдаги буйруғида COVID-19га қарши курашиш учун дори захиралари мавжудлиги ҳақида сўз боради.

Даврон Хидоятов. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

Даврон Хидоятов 17 ва 18 ноябр кунлари 11 та қарор ва фармойишни имзолаган. Хусусан, Тошкент вилоятининг ҳозирги собиқ ҳокими ўз қарори билан контракт асосида таҳсил олаётган клиник ординатор ва магистрларнинг шартномаларини тўлаш учун 80,7 миллион сўм ажратди.

Бошқа қарорлар эса «Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатларини молиялаштириш узлуксизлигини таъминлаш», вилоятдаги вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ва давлат органлари тизимидаги маъмурий бинолардан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш, 15 ноябрдан 15 декабргача ёнғин хавфсизлиги ойлигини ўтказиш, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Меҳр-мурувват китоби»га киритилган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этишга тааллуқли.

18 ноябрь куни Даврон Хидоятов томонидан 2015 йилда ишлаб чиқарилган Chevrolet Captiva автомобилини Тошкент вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси балансига ўтказиш, шунингдек, 2021 йилги пахта ҳосилини молиялаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ҳамда 25−26 ноябр кунлари Чирчиқда ҳудудий саноат ярмаркасини ўтказиш тўғрисида қарорларни имзолади.

Шунингдек, унинг қарори билан ҳокимлик биносини жорий таъмирлаш (кичик мажлислар залини кенгайтириш, аёллар ва эркаклар ҳожатхоналарини қуриш) учун 798,2 миллион сўм маблағ ажратилди.

Зойир Мирзаев. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

Қашқадарё вилоятининг собиқ ҳокими Зойир Мирзаев 15 ноябрь куни вилоятда «Яшил макон» миллий лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ушбу дастур доирасида мамлакат бўйлаб ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута экиш режалаштирилган. Қашқадарёда эса қарийб 16 миллион, жумладан, 10 миллион мевали ва 6 миллион манзарали дарахт экиш режалаштирилган, — дея аниқлик киритди ҳокимлик матбуот котиби Аҳрор Содиқов.