9 ноябрь куни ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ИИБ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда террористик гуруҳга аъзоликда гумон қилинган шахслар ушланди.

Ховос туманида яшовчи Б.Т. ва унинг бир нечта ҳамфикрлари интернет орқали Сурия ҳудудидаги террорчилик ташкилотлари аъзоларининг таъсирига тушиб қолгани айтилмоқда.

«Яқин алоқалари орасида экстремистик мазмундаги, хусусан, «жиҳод»га чорловчи материалларни мунтазам равишда тарқатиб келганлар», — дейилади хабарда.

Шунингдек, гуруҳ етакчиси Б.Т.нинг келгусида Сурияга бориб, террорчи гуруҳлар таркибига қўшилишни мақсад қилганлиги хусусида тасдиқловчи маълумотлар олингани таъкидланган.

Гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларида ўтказилган тинтув жараёнида, уларнинг уяли алоқа воситаларида экстремистик мазмундаги материаллар аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.

«Мавжуд материаллар асосида Б.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида у ҳибсга олинди», — дея қайд этилган.

Ҳозирда Б.Т. ва унинг алоқаларига нисбатан тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.