Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шанба куни инаугурация маросимида сўзлаган нутқида Тошкентда содир бўлган қум бўронлари ҳақида гапирди.

«Юртимизда экологик таҳдидларнинг салбий таъсири ортиб бормоқда. Буни кеча ва бугун содир бўлган қум бўронлари яна бир бор тасдиқлади. Бундай ҳолатни Тошкентда ҳеч кўрмаган эдик-ку. Бу бизнинг қумларимиз эмас. Менга олимлар ҳам ёзиб берди, Тошкент атрофидаги тоғлар сабаб чанг шу ерда тиқилиб қолди», — деди у.

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам пойтахтда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжуманида чанг ҳақида гапирди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Тошкентга Қозоғистондан келган чанг ҳозирги кунда яна Қозоғистонга қайтиб кетди. Бу чанг Тошкентдан бошланмаган. Узоқлардан катта қум заррачалари шамолда майдаланиб, келгунча майда заррачага айланган бўлиши эҳтимоли бор. Лекин мен эколог эмасман. Бу Тошкентдан кўтарилиб, Тошкентдан бошланмаган, менинг фикримча. Чанг Қозоғистондан келиб, Самарқандга ўтиб, Самарқанддан Гулистонга, Гулистондан Тошкентга келди. Тошкентдан Наманганга ва яна Қозоғистонга қайтиб кетди», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Унинг сўзларига кўра, «экология бўйича тадбирлар ўтказиш керак бўлса, шаҳар ҳокимлиги буни қўллаб-қувватлайди».

«Менинг ўзим ҳам қўшиламан. Чунки ҳурматли президентимиз томонидан 40 кун „Яшил макон“ доирасида кўчатлар экиш кўзда тутилган», — дея қўшимча қилади у.

Пойтахт ҳокими «ҳозирги кунда экология бўйича „Газета.uz“ жуда ҳам фаол кетаётганини» таъкидлади.

«Агар „Газета.uz“ бошчилигида экология бўйича тадбирлар ташкиллаштирилса ўзимиз ҳомий бўлиб, бориб хизмат ҳам қилардик, ўтирардик, гаплашардик, мулоқот ҳам қилардик. Шу ташаббусни „Газета.uz“ бошладими, нашр бошлаб берса биз қандай ёрдам керак бўлса берамиз ёрдам. Сизлар ташкиллаштириб беринглар, биз ҳамма нарсасини қилиб берамиз. Менимча, шу орқали бир-биримизни қўллаб-қувватлаган бўламиз», — дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Аввалроқ, «Газета.uz» чанг зарралари нафас йўлларини безовта қилиши ва бронхит, амфизем, юрак-қон томир касалликлари (масалан, инсульт), кўз инфекциялари, терининг тирнаш хусусияти ва менингококк менингит каби шароитларни келтириб чиқариши ёки ёмонлашиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.

ЖССТ маълумотларига кўра, диаметри 10 ва 2,5 микрондан кам бўлган заррачаларнинг сурункали таъсири юрак-қон томир ва нафас олиш касалликлари, шунингдек, ўпка саратони хавфини кучайтиради.

Бугун эса Инновацион ривожланиш вазирлиги 4−5 ноябрь кунлари кузатилган чанг-қумли туман Ўзбекистонга бошқа давлатлардан келганини тасдиқлаб, уни инсон организми учун хавфсизлигини маълум қилди.

Ўзгидромет «Газета.uz»га «қумли бўронларнинг пайдо бўлишига республиканинг кўплаб ҳудудларида олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш ишлари ҳам сабаб бўлгани» ҳақида маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрь куни кечқурун Тошкентга ғайриоддий чанг-қумли туман тушди. Ўзгидромет кучли шамол натижасида тупроқнинг жуда қуруқ усти қатлами кўтарилиши сабаб бўлганини маълум қилди.

5 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Тез ёрдам» хизматига бўлган жами чақириқлар сони 3 ноябрдаги 3433 тадан 4 ноябрда 4082 тага етгани, 678 киши нафас қисишидан шикоят қилганини билдирди. 7 ноябрь куни эса республика бўйлаб 3768 киши «Тез ёрдам» хизматига мурожаат қилган. Шундан 349 таси чанг-қумли бўрон натижасида нафас етишмовчилиги билан боғлиқ чақириқ бўлган.

8 ноябрь соат 11:00 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида ҳавонинг чанг билан ифлосланиши рухсат этилган максимал қийматдан ошмади, деб хабар берди Ўзгидромет.

Октябрь ойида Шавкат Мирзиёев пойтахт сайловчилари билан учрашувда Тошкент ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрлардан 2 баробар кўплигини маълум қилган эди. Президент қурилиш майдонларида чангни бостирувчи замонавий усуллар ва технологияларни жорий қилиш зарурияти ҳақида ҳам гапирганди. У номзоди келгуси йилда ҳар бир туманда сайилгоҳ ҳамда шаҳар бўйича 25 та «яшил ҳудуд» ва аллеялар ташкил этилишини таъкидлаган.

Ноябрь ойи аввалида Ўзбекистон президенти раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режасини маълум қилганди. 2 ноябрдан 10 декабргача бўлган муддат дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» деб эълон қилинган.