Президентлик сайловида ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев пойтахт сайловчилари билан учрашувда Тошкентдаги ҳавода чанг миқдори белгиланган меъёрлардан 2 баробар кўплигини таъкидлади.

«Қурилиш майдонларида чангни бостирувчи замонавий усуллар ва технологиялар кенг жорий қилиниши шарт ва зарур бўлади. Энди шаҳарда «яшил ҳудуд"ларни кўпайтириш, устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади. Келгуси йилда ҳар бир туманда сайилгоҳ ҳамда шаҳар бўйича 25 та «яшил ҳудуд» ва аллеялар ташкил этилади», — деди давлат раҳбари.

Унинг таъкидлашича, шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи 28 та каналнинг 111 километр қирғоқлари мустаҳкамланади ва сайилгоҳлар ташкил этилади. Шунингдек, пойтахтнинг 60 километр канал бўйлари, 250 километр пиёда йўлаклари атрофига манзарали дарахтлар экилади.

Тошкент катта ҳалқа йўлининг атрофида манзарали дарахтлар экилиб, ихотазорлар ташкил этиш орқали «яшил белбоғ» яратилади ҳамда пиёда ва велойўлаклар ташкил этилиши қайд этилди.

Президентликка номзоднинг айтишича, Чирчиқ дарёсининг шаҳардан ўтувчи 16 километр қисмини ободонлаштириш ҳисобига 306 гектар майдонда рекреацион зона, пиёда йўлаклари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини қамраб олган «Дарё бўйи» мажмуаси барпо этилади. Натижада шаҳардаги «яшил майдонлар» улуши ҳозирги 16 фоиздан 30 фоизга етказилади.

Олдинроқ, Ўзгидромет май ойида Тошкент шаҳрида кузатилган қум ва чангли бўронлар шаҳарда жадал суръатлар билан олиб борилаётган қурилишлар сабабли келиб чиққанлигини таъкидлаган эди.

Август ойида Шавкат Мирзиёев Тошкент ва йирик шаҳарларда янги қурилишлар шаҳар ташқарисида бўлишини таъкидлаган эди.