Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази («Ўзгидромет») матбуот хизмати «Газета.uz»нинг пайшанба кунидан бошлаб мамлакатнинг айрим ҳудудларида кузатилаётган ғайриоддий чанг-қумли туман ҳақидаги саволларига жавоб берди.

— Чанг-қумли туман каби об-ҳаво ҳодисаси қандай пайдо бўлди? Бунга табиий омиллар сабабми ёки мамлакатдаги қурилиш ишларининг кескин ортишими?

— 4 ноябрь куни Ўзбекистон ҳудудига Урал минтақаларидан совуқ ҳаво кириб келди. Совуқ фронт зонасида шамолнинг тезлиги 12−15 м/с гача, Бухоро, Навоий, Жиззах вилоятларида айрим жойларда 20−25 м/с гача кучайиши кузатилди.

Шамол эсиши таъсирида юқори қуриган тупроқ қатлами кўтарилиб, республиканинг бир қатор ҳудудларида кўришнинг 100−200 м гача ёмонлашиши билан чанг-қумли туман таъсирини юзага келтирди.

Албатта, бу ҳодисанинг пайдо бўлишига республиканинг кўплаб ҳудудларида олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш ишлари ҳам сабаб бўлди, чунки қурилиш ишлари давомида жуда катта ҳажмдаги сочилувчан маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

— Чанг-туман қаерда ва қачон шакллана бошлаган ҳамда қайси ҳудудларни қамраб олган?

— Кеча эрталабдан жанубий Қозоғистон ҳудуди бўйлаб чанг-туман шаклланиши бошланди, аста-секин Ўзбекистоннинг марказий ва жанубий вилоятларига тарқалди.

Чанг-қумли туман ҳодисаси Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида, Ўзбекистоннинг Тошкент, Сирдарё вилоятларида энг яққол сезилди.

— Ўзбекистонда ўтган йилларда ҳам шундай ҳодиса кузатилганми?

— Ўзбекистонда, шунингдек, бутун Марказий Осиё ва қўшни давлатларда чанг бўронлари тез-тез учраб туради.

Бироқ, одатда, ҳавога кўтарилган қум ва чанг массалари шамол секинлашгандан кейин қисқа вақт ичида тарқалади ва ерни қоплайди.

Ушбу ҳолатда 4−5 ноябрь кунлари совуқ ҳаво массасида ҳосил бўлган атмосферанинг қуйи қатламларидаги инверсион қатлам чангнинг тарқалиш жараёнини кечиктиради, натижада минтақамиз учун ноодатий ҳодиса — чангли туман пайдо бўлади.

Туман жуда секин тарқалмоқда ва катта эҳтимол билан бугун ҳам, эртага ҳам давом этади.

Аввалроқ ҳавода чанг миқдори ортиши муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларини эълон қилган эдик. Мутахассислар таъсир қилувчи тузли сув билан томоқ ва бурунларни чайиш, хоналарни ёпиқ сақлаш, хўл сочиқларни хоналарга осиш, каттароқ сиғимли идишларга сув солиб қўйишни маслаҳат беришган. Кечқурун Тошкент шаҳридаги тез ёрдам хизматига нафас сиқилиши шикояти билан 678 та мурожаат келиб тушган.