4 ноябрь куни кечқурун Тошкентда кузатилган ғайриоддий чанг-қумли туманга шамолнинг кучайиши натижасида тупроқнинг жуда қуриб қолган устки қатлами кўтарилиши сабаб бўлди, деб хабар беради Гидрометеорология хизмати маркази.

Ўзгидромет аввалроқ 4 ноябрь куни Ўзбекистон ҳудудига Уралдан совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши ҳақида хабар берган эди.

Совуқ фронт зонасида шамолнинг 12−15 м/с гача, Бухоро, Навоий, Жиззах вилоятларининг айрим жойларида 20−25 м/с гача кучайиши кузатилди.

«Шамол кучайишининг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилди ва республиканинг бир қатор туманларида кўринувчанлик 500−1000 м гача пасайиб, чанг-қумли ғубор ҳолатини келтириб чиқарди», дейилади хабарда.

Атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган миқдорлардан 5 баробарга ошди.

Айни дамда шамол тезлиги 5−10 м/с ва тунгги 24:00гача прогноз қилинади.