«Газета.uz» Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати билан ҳамкорликда сайлов кампанияси жараёнларини мунтазам ёритиб бориш мақсадида махсус лойиҳага қўл урганидан хабарингиз бор.

Бу сафар МСК доимий аъзоси Баҳодир Юнусов «Газета.uz» мухбирининг қай ҳолларда номзод мақомидан маҳрум этилиши, сайловолди ташвиқотида нималарга рухсат берилиши, ғайриқонуний йўл билан тарғибот қилган номзодга қандай жазо чораси қўлланиши мумкинлиги, қолаверса, сайловчининг номидан бошқа биров овоз берган ёки бермагани қандай аниқланиши борасидаги саволларига жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий сайлов комиссияси ҳозирга қадар Алишер Қодиров, Нарзулла Обломурадов, Мақсуда Ворисова, Баҳром Абдуҳалимов ва Шавкат Мирзиёевни президентликка номзодлар сифатида рўйхатга олиб бўлди. 20 сентябрдан эътиборан сайловолди ташвиқотига рухсат берилади.

Баҳодир Юнусов.

Ўзбекистон президентлигига номзодларга қандай чоралар кўриш тақиқланади?

Сайлов кодексининг 41-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон президентлигига номзодлар Ўзбекистон бош прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки уларга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин эмас. Бундай розилик берилган тақдирда, бош прокурор Марказий сайлов комиссиясини бу ҳақда дарҳол хабардор этади.

Президентликка номзодларни мажбурий келтиришга, худди шунингдек уларнинг шахсий буюмларини, юкини, транспортини, турар жойи ва хизмат хоналарини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.

Қандай ҳолларда номзод мақомидан маҳрум этилиши мумкин?

Сайлов кодексининг 42-моддасига кўра, сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга, бу шахс тегишли сайлов комиссияси томонидан номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Сиёсий партия номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар тегишли сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин.

Сиёсий партия фаолиятининг тугатилганлиги номзодни шу партиядан сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этади.

Бундан ташқари, номзод сайловга қадар исталган вақтда номзодликдан воз кечиши мумкин. Бунинг учун у тегишли сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.

Номзод сайловга қадар вафот этган, сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган ёхуд номзодликдан чақириб олинган тақдирда, нашр этилган сайлов бюллетенларидан ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилади. Муддатидан олдин овоз бериш жараёнида бундай номзодни ёқлаб берилган овозлар участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳақиқий эмас деб топилади.

Сайловда ташвиқотнинг қандай турларига рухсат берилган ва қайсилари тақиқланган? Мисол учун партиянинг аъзолари, жумладан, тадбиркорлар ёрдамида моддий ёки бошқа манфаатдорлик йўли билан сайловчиларни ўзига оғдириб олиш мумкинми?

Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият. Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз беришга бир кун қолганида тугайди. Номзодлар сайловолди ташвиқотини олиб бориш борасида тенг ҳуқуқларга эга. Номзод Ўзбекистон президенти этиб сайланиши учун унинг номидан ишончли вакиллар сайловолди ташвиқотини олиб боришлари мумкин.

Сайловолди ташвиқоти: номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш; номзод тўғрисида ахборот тарқатиб, уни ёқлаб овоз беришга чақириш шаклида олиб борилади.

Сайловолди ташвиқоти омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот анжуманлари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, ОАВларда чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти:

  • ОАВ, шу жумладан телевидение, радио, газета ва журналлар, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари,шу жумладан бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи орқали;
  • босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини, яъни плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни чоп этиш ҳамда тарқатиш орқали;
  • сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Сайловолди ташвиқоти даврида уни олиб боришнинг Сайлов кодекси ва ушбу Низомда тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.

Номзодлар сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг турлари, шакллари ва усулларини мазмун-моҳиятини мустақил белгилайдилар. Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш — ахборот хизматларидан ташқари, шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди.

Сайловолди ташвиқоти давомида моддий ёки бошқа манффаатдорлик асосида сайловчиларни ўзига оғдириб олиш таъқиқланади.

Қайси ҳолларда номзодлар сайловдан четлаштирилади? Сайлов кампанияси давомида қонунчиликни бузган номзодларга қандай чора кўрилади?

Сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга, бу шахс тегишли сайлов комиссияси томонидан номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Сиёсий партия фаолиятининг тугатилганлиги номзодни шу партиядан сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этади.

Номзод сайловга қадар исталган вақтда номзодликдан воз кечиши мумкин. Бунинг учун у тегишли сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.

Номзод сайловга қадар вафот этган, сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган ёхуд номзодликдан чақириб олинган тақдирда нашр этилган сайлов бюллетенларидан ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилади. Агарда номзод сайловолди ташвиқотини, ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузса, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Сайлов кунидан сўнг номзодга берилган овозлар ғайриқонуний йўллар билан тўплангани аниқланса, қандай чора кўрилади? Унга тегишли овозлар бошқаларга тенг тақсимлаб бериладими ёки йўққа чиқариладими?

Сайлов давомида йўл қўйилган, овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари бўйича ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Айрим сайлов участкалари бўйича, Ўзбекистон президенти сайлови учун — округлар бўйича ҳам, сайлов ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, шундай участкалар, округлар бўйича овоз бериш натижалари, агар бу натижаларсиз ҳам сайлов умуман бўлиб ўтган деб топилиши мумкин бўлса, тегишли комиссиянинг қарорига биноан сайловнинг умумий натижаларидан чиқариб ташланади.

Тегишли сайлов комиссияси овоз бериш якунлари бўйича баённома тузади ва қарор қабул қилади.

Бир номзоднинг бошқа бир номзодга хайрихоҳлиги билвосита ёки бевосита аниқланган тақдирда у сайловдан четлатиладими?

Номзодлар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади. Рўйхатга олинган барча номзодлар тенг ҳуқуқларга эга бўлади. Сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини бекор қилиш ҳуқуқига эга.

Номзод сайловга қадар исталган вақтда номзодликдан воз кечиши мумкин. Бинобарин номзоднинг бошқа номзодга хайрихоҳлиги сабабли уни номзодликдан махрум қилиш масаласи сиёсий партиянинг ваколатига киради.

Дейлик, мен конституцион ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда ҳеч кимга овоз бермасликка қарор қилдим. Менинг ўрнимга бошқалар ғайриқонуний йўл билан овоз берган ёки йўқлигини қандай аниқласам бўлади?

Сайловчи сайлов куни овоз беришда иштирок этиб, сайлов бюллетенидаги биронта номзод рўпарасидаги бўш катакка тегишли белгини қўймасдан сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташласа, овоз бериш натижаларини ҳисоблаш давомида бундай сайлов бюллетени ҳақиқий эмас деб топилади.

Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Бир сайловчини ўрнига бошқа сайловчининг овоз бериши мумкин эмас, яъни сайловчилар рўйхатига сайловчи имзо қўйиб, сайлов бюллетенини олганидан сўнг бошқа сайловчининг бу рўйхатнинг ушбу сатрига имзо қўйиши ноқонуний ҳисобланади.

Башарти шу ҳақда мурожаат бўлган тақдирда ушбу Сайловчилар рўйхатидаги фамилиянгиз рўпарасига бошқа шахс имзо қўйган ёки қўймаганлиги орқали аниқлаш мумкин.

«Газета.uz» мухбири Абдулло Ёдгоров суҳбатлашди.