9 сентябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг навбатдаги съездида 2021 йилги президентлик сайловларига партия сиёсий кенгаши аъзоси, амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни номзод сифатида тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Партия етакчиси Актам Ҳайитов ЎзЛиДеП 10-съезди делегатларини Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Номзоднинг президентлик даврида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумоти ҳамда келгуси даврда ижро қилиниши кўзда тутилаётган режаларига бағишланган нутқидан сўнг, съезд делегатлари уни маъқуллади. Шавкат Мирзиёев номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлашди.

Аввалроқ, «Газета.uz» амалдаги президентнинг сайловолди дастури ҳақида батафсил маълумот бериб борди.

Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати — ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.

1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.

1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими, 1996−2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001−2003 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган.

Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта — 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

2016 йил 8 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча бош вазир Шавкат Мирзиёев зиммасига юкланди.

19 октябрь куни Тошкентда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездида партия сиёсий кенгаши аъзоси Шавкат Мирзиёев номзодини президентликка тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. 2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришди.

Шавкат Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғли, олти нафар набираси бор. Рафиқаси Зироат Мирзиёева — мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи.

У давлат ва бошқарув органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини юксалтириш ишига улкан ҳисса қўшгани учун «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.