«Газета.uz» Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати билан ҳамкорликда сайлов кампанияси жараёнларининг бориши ҳақида аҳолини мунтазам хабардор этиш мақсадида махсус лойиҳага қўл урди.

Унда сайлов даврида қонун ҳужжатларига амал қилиниши, партиялар ва улар кўрсатган номзодларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, сайловолди тарғиботида қандай ҳолатларга рухсат этилгани ҳамда нималар тақиқлангани, сайловда овоз бериш жараёнлари ва бошқалар ҳақида суҳбатлар ташкил этилади.

Интервьюнинг биринчи сонида МСК котиби, Котибият раҳбари Худоёр Маматов «Газета.uz» мухбирининг имзо варақаларини текшириш жараёнларига оид саволларига жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Ўзбекистондаги бешта партия томонидан ўз қурултойларини ўтказиб, номзодга тегишли ҳужжатлар ва уларни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини МСКга тақдим этиш, бу орқали номзодни рўйхатдан ўтказиш жараёни кетмоқда.

МСК котиби, Котибият раҳбари Худоёр Маматов. Фото: МСК матбуот хизмати.

Имзо варақаларини қабул қилиш ва текшириш қандай амалга оширилади?

Сайлов кодексига кўра, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялардан Ўзбекистон президентлигига номзодни рўйхатга олиш тўғрисидаги мурожаатни, шу жумладан имзо варақаларини қабул қилишни сайловга 42 кун қолганида тўхтатади.

Сиёсий партиялар президентликка номзодни рўйхатга олиш учун Марказий сайлов комиссиясига мамлакат ҳудудидаги сайловчилар умумий сонининг бир фоизи миқдоридаги сайловчилар имзоларини тақдим этишлари лозим.

Демак, сиёсий партияларга сайловда иштирок этишга рухсат берилган вақтда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги (СЯЭР) маълумотларга кўра, Ўзбекистонда сайловчиларнинг умумий сони 21 266 011 нафарни ташкил этган. Шу сабабли, ҳар бир сиёсий партия 212 660 та (1%) миқдорида имзо билан тўлдирилган имзо варақаларини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида тахланган ҳолда МСКга тақдим этишлари талаб этилди.

Бунда, мамлакатнинг ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлиги, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тўпланган номзодни қўллаб-қувватловчи имзолар сони жами имзолар сонининг 8 фоизигача бўлган қисмини ташкил этиши керак.


Имзоларни текширувчи эксперт гуруҳи кимлардан ташкил топган?

Сайлов кодексининг 39-моддасида мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси томонидан 2021 йил 30 августда сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганини текширувчи 3та эксперт гуруҳи тузилди.

Ҳар бир эксперт гуруҳи таркибига МСКнинг доимий асосда ишловчи аъзолари, Котибият ходимлари, Адлия, Ички ишлар вазирликлари тизимидаги хатшунос, криминалист экспертлар, Олий таълим муассасаларининг мутахассис олимлари, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари киритилди.

Юқоридагиларга асосан, ҳар бир сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги ва қонунийлиги 17 ёки 18 нафаргача бўлган эксперт гуруҳлари томонидан текширилади.

Ўзбекистон президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текшириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан:

  • Сайловчилар имзолари зарур сонининг камида 15 фоизи ва имзо варақаларига имзоларини қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар текширилиши;
  • Текшириш учун сайловчиларнинг ҳар бир номзодни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари бир хил миқдорда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳридан) тенг нисбатда танлаб олиниши;
  • Имзо варақаларини текширишда Эксперт гуруҳи аъзолари: касбий одоб қоидаларига риоя қилиши ва зиммасига юклатилган вазифаларни қонун ҳужжатларида ва ички ҳужжатларда белгиланган ўз лавозим ваколатлари доирасида холисона, виждонан, сифатли бажариши керак.

Имзо варақалари қайси ҳолатларда ҳақиқий эмас деб топилади?

Ўзбекистон президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текшириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан, эксперт гуруҳи аъзолари имзо варақасининг тўғри тўлдирилгани, тузатишларга йўл қўйилгани, ўчириб ёзилган тузатишлар борлиги, турли шахслар томонидан тўлдирилгани, ўхшаш имзолар ва тасдиқланган тузатишлар мавжудлигига эътибор берган ҳолда ҳар бир имзо варақасини кўздан кечиради.

Визуал текширувда нуқсонлар ёки шубҳали ҳолатлар аниқланган имзо варақалари пухтароқ, шу жумладан махсус асбоблар ёрдамида текшириш учун саралаб олинади.

Қуйидаги имзолар ҳақиқий эмас деб топилади:

  • сиёсий партия ваколатли вакилига МСК томонидан рўйхатга олинганлик тўғрисида гувоҳнома берилгунга қадар тўпланган имзолар;
  • имзо варақасидаги сайловчи тўғрисидаги маълумотлар сайловчининг ўзи ёки сайловчилар имзоларини тўплаган масъул шахс томонидан киритилмасдан қўйилган имзолар;
  • сайлаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар томонидан қўйилган имзолар;
  • имзо варақасида кўрсатилиши лозим бўлган маълумотлардан бирортаси кўрсатилмасдан қўйилган, шу жумладан санаси кўрсатилмасдан қўйилган имзолар;
  • бошқа шахснинг номидан қўйилган имзолар;
  • МСК томонидан берилган имзо варақаларидан бошқа имзо варақаларида қўйилган имзолар;
  • сайловчининг имзоси ва у ҳақда маълумотлар қалам ёки ёзув қуроли ҳисобланмайдиган бошқа воситалар билан киритилган имзолар;
  • имзо варақасида кўрсатилиши лозим бўлган маълумотларга тузатишлар киритилган ҳолда қўйилган имзолар, башарти ушбу тузатишлар сайловчи ёки имзо варақасини тасдиқловчи шахслар томонидан қўшимча имзо билан тасдиқланмаган бўлса.


Фото: МСК матбуот хизмати.

Агар номзодни қўллаб-қувватловчи имзолар етарли бўлмаса, унга сайловда иштирок этишига рад жавоби бериладими?

Сайлов кодексининг 64-моддасига биноан, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни, шу жумладан имзо варақаларини 5 кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг Сайлов Кодекси талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

МСК томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғини текшириш натижасида имзо варақалари қонун бузилган ҳолда тузилганлиги аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади.

Агар қўллаб-қувватловчи шахсларнинг (сайловчиларнинг) имзолари сони белгиланган энг кам миқдордан яна оз бўлиб чиқса, мазкур имзо варақалари тўлиғича ҳақиқий эмас деб топилади.

Мазкур ҳолда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияга Ўзбекистон президентлигига номзодни рўйхатга олишни рад этади.

Имзолар қабул қилингандан кейин қандай жараён бошланади?

МСКга сиёсий партия тақдим этган ҳужжатлар, шу жумладан, сайловчиларнинг номзодни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари Сайлов кодекси талабларига мос келса, МСК навбатдаги йиғилишларида сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган Ўзбекистон президентлигига номзодни рўйхатга олиш масаласини кўриб чиқади.

Сайлов кодексининг 40-моддасига асосан, МСК президентликка номзодларни рўйхатга олишни сайловга 35 кун қолганида (19 сентябрь куни) тўхтатади. Сайлов кодексининг 44-моддасига мувофиқ, номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан, яъни сайловга 34 кун қолганидан, жорий йилда 20 сентябрдан эътиборан сайловолди ташвиқоти бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.

Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзод ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият бўлиб, оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш орқали ҳамда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

«Газета.uz» мухбири Абдулло Ёдгоров суҳбатлашди.