«Миллий тикланиш» ДП 2021 йилги президентлик сайловларига партия раҳбари Алишер Қодировни номзод сифатида кўрсатмоқчи эканлигини эълон қилди. Бу ҳақда партия марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Алишер Қодиров Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Давлат мулк қўмитаси тизимларида турли лавозимларда, шунингдек, Маънавият ва маърифат марказининг раҳбари вазифасида фаолият юритган. 2015 йилдан буён Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ҳисобланади.

Эндиликда «Миллий тикланиш»нинг президентликка номзоди партиянинг 26 августда бўлиб ўтадиган съездида тасдиқланиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Экологик партияси томонидан президентлик сайловларида Нарзулла Обломуродов, «Адолат» социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов номзодлари эълон қилинган.

Маълумот учун, Сайлов кодексининг 64-моддасига кўра, сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзодни рўйхатга олиш учун Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этиши керак.

Сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақаларида Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси бўлиши керак. Бунда сиёсий партия битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) имзолар умумий сонининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

Ўзбекистонда президент сайловлари куни 24 октябрга белгиланган. Сайлов кампаниясига 23 июлда старт берилди.