6 сентябрь куни Халқ демократик партиясининг қурултойида президентлик сайловларида Мақсуда Ворисова партия номзоди сифатида қатнашиши тасдиқланди.

Мақсуда Ворисова Халқ демократик партиясидан президентлик учун биринчи аёл номзод ҳисобланади. ХДП номзоди қурултойда сайловолди дастурини ҳам эълон қилди.

Дастур лойиҳасининг асосий мақсади — мамлакатда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос бўлган давлат ва жамият барпо этиш.

«Ушбу вазифанинг ҳал этилиши, биринчи навбатда, аҳоли кенг қатламлари фаровонлиги таъминланишини назарда тутади. Иккинчидан, бундай давлатни шакллантириш барча соҳаларда ижтимоий адолат ва ижтимоий тенгликни қарор топтиришни англатади. Учинчидан, бу — фуқароларнинг демократик институтлар орқали аҳолининг ижтимоий кайфиятига, зарур ҳаётий эҳтиёжларини амалга оширишга таъсир кўрсатадиган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, жамоатчилик экспертизаси ва муҳокамаларида кенг иштирок этишини таъминловчи демократиядир», — деди Мақсуда Ворисова.

Партия сайлов жараёнлари учун қуйидаги шиорларни эълон қилди:

  1. «Барчага ғамхўрлик — давлатнинг бурчи!»
  2. «Халқ демократияси — тараққиёт асоси!»
  3. «Ижтимоий барқарорлик — фаровонлик гарови!»
  4. «Ижтимоий тенглик ва адолат тарафдоримиз!»
  5. «Ишсизларга — иш ўринлари!»
  6. «Бепул таълим, бепул соғлиқни сақлаш!»
  7. «Иқтисодий ресурслар — барча учун»
  8. «Камбағалликка барҳам берайлик!»

Партия дастури тўққизта йўналишдан иборат. «Газета.uz» ушбу дастурнинг муҳим жойларини келтиради.

Биринчи йўналиш. Аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритиш

«Ҳар бир Ўзбекистонлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар яратиш асосий вазифам, деб биламан. Оилалар фаровонлигининг ўсишини, болалар учун бахтли болаликни, ёш авлоднинг ишончли келажагини ва қарияларга ғамхўрлик қилишни таъминлаш борасидаги таклифларни илгари суряпман», — деди Мақсуда Ворисова.

Кучли ижтимоий сиёсат юритиш мақсадида партия қуйидагиларни амалга оширишни зарур деб ҳисобламоқда:

  • аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш;
  • ҳар бир инсоннинг минимал ижтимоий хизматларни бепул олишини қонунчилик даражасида кафолатлаш;
  • ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантириш;
  • олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун «Қишлоқ шифокори» ва «Қишлоқ ўқитувчиси» дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш;
  • аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёжи билан боғлиқ ҳамёнбоп товар ва хизматлар, арзон уй-жой ва коммунал хизматлар билан таъминлаш;
  • аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш;
  • ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш;
  • пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимини шакллантириш.

Мақсуда Ворисова ушбу йўналишдаги ишлардан бири сифатида амалдаги пенсия тайинлаш тизимини ислоҳ қилиш кераклигини таъкидлади.

«Ишлаётган ходимнинг пенсияга чиқишида пенсия миқдорини тайинлаш тартиби бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Хусусан, пенсия миқдорини ҳисоблашда охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) ойлик иш ҳақи олинади», — дейди у.

«Бизнингча, бу адолатдан эмас. Ёшга доир пенсия миқдорини белгилашда фуқаро ишлаган давридаги исталган беш йилни ўзи танлаш имконига эга бўлиши керак. Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал чегараси, яъни пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори чегарасини ошириш мавзуси ҳам баҳсли масалалардан бири. Президентнинг тегишли фармони билан 2021 йилнинг 1 июлидан пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори оширилди. Шунингдек, ижтимоий нафақалар учун қўшимча тўловлар жорий этилди. Инфляция ва коронавирус пандемияси даврида нархларнинг ошиб кетганини ҳисобга олсак, бу кўрсаткичлар пенсионернинг оғирини енгиллатмайди», — дея қўшимча қилди ХДП номзоди.

Шунингдек, аёлларга пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига боласи 3 ёшга тўлгунча уни парваришлаш таътилларида бўлиш вақти тўлиқ қўшиб ҳисобланиши ҳақидаги меъёрни қонунчиликка киритиш кераклиги айтилмоқда.

Бундан ташқари, ХДП номзоди қуйидагиларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади:

  • пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш;
  • кам таъминланган, лекин, боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятнинг фаол иштирокчисига айлантириш;
  • ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётий эҳтиёжларига эътиборни кучайтириш, шу мақсадда «Мурувват», «Саховат» ва «Меҳрибонлик» уйлари фаолиятини янада яхшилаш;
  • «Меҳрибонлик» уйларини битириб чиққан ёшларни уй-жой билан таъминлаш, ишга жойлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш;
  • илғор давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, давлат-хусусий ҳамда ижтимоий шериклик асосида аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиётини кенг ривожлантириш.

Мақсуда Ворисова ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, мақсадида, «Тўсиқсиз ҳаёт» давлат дастурини ва уларни иш билан таъминлаш мақсадида «Ногирон шахслар бандлигига кўмаклашиш» давлат дастурини қабул қилишни зарур деб ҳисоблашини таъкидлади.

Шунингдек, Мақсуда Ворисованинг қайд этишича, ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, бу борадаги тизимни тубдан яхшилаш мақсадида илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, қуйидаги чораларни кўриш зарур:

  • миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенциянинг тамойиллари ва меъёрларига мувофиқлаштириш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларга оид халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш;
  • мамлакатда БМТнинг Ногиронларга нисбатан умумжаҳон ҳаракатлар дастурини амалга ошириш бўйича зарурий чоралар кўриш;
  • ногиронлар жамиятларига давлат субсидияларини ажратиш.

Иккинчи йўналиш. Ижтимоий йўналтирилган иқтисодий сиёсат

«Иқтисодий ўсиш барқарор бўлиши учун қатъий, лекин мувозанатли макроиқтисодий сиёсат юритилиши керак. Дастурда бюджет харажатларини оптималлаштириш, самарасиз имтиёзлар ва субсидияларни бекор қилиш, паст инфляция ва сўмнинг эркин курсини сақлаб қолиш белгиланган. Миллий бойликлар адолатли тақсимланишини таъминлаш бўйича қарорлар қабул қилинади», — дейди Ворисова.

Партия иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлашда қуйидагиларни устувор вазифалар деб ҳисоблайди:

  • ўрта муддатли истиқболда кам таъминланган аҳоли қатламлари улушини камида 2 баравар қисқартириш мақсадида камбағалликни бартараф этиш бўйича самарали ишларни амалга ошириш;
  • юқори қўшимча қийматга эга секторлар ва меҳнат талаб қиладиган тармоқларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, иқтисодиётнинг инновацион илғор технологияларга асосланган ишлаб чиқариш тармоқларини жадал ривожлантириш мақсадида самарали молиявий ва солиқ имтиёзларини қўллаш;
  • ўрта муддатли истиқболда иш ҳақи даражасини яшаш минимумидан камида 1,5 баравар юқори бўлган (ўзини-ўзи банд қилиш ва хусусий тадбиркорликдан олинадиган даромадлар ҳисобига) меҳнатга лаёқатли аҳолининг барқарор иш ўринларида бандлигини таъминлашга эришиш.

«Келгуси 5 йилда давлатнинг асосий вазифаси аҳоли бандлиги ва реал даромадларини оширишдан иборат бўлиши керак деб ҳисоблайман. Ёлланма ишчилар ва тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш мақсадида, ижтимоий ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш, унда янги иш жойлари ҳам, юқори иш ҳақи ҳам, жамиятнинг ижтимоий эҳтиёжлари учун ундириладиган солиқлар ҳам пировардида бозор муносабатларининг самарали йўлга қўйилиши билан боғлиқлигини тўлиқ англаган ҳолда доимо ёлланма ишчилар ва тадбиркорлар манфаатларини ўзаро мослаштириш чоралари кўрилади», — деди ХДП номзоди.

Таъкидланишича, бунинг учун ёлланма ишчиларнинг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида қонунларга риоя қилинишини таъминлайдиган ва меҳнат можароларининг олдини оладиган «Ёлланма ишчилар ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисида» қонунларини қабул қилиш лозим, деб ҳисоблайди у.

Ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётда давлатнинг асосий тартибга солувчилик ролини янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. Бунда:

  • умумхалқ аҳамиятига эга иқтисодиёт тармоқларининг бошқарувида давлат иштирокини мустаҳкамлаш;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёждаги бошқа товарларни ишлаб чиқариш соҳасида давлат томонидан тартибга солиш чораларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;
  • ҳудудларнинг барқарор ривожланиши учун давлат даромадларини тенг ва адолатли тақсимлаш, ҳудудий дастурларни амалга ошириш учун давлат бюджети, бошқа ички ва ташқи манбалардан қўшимча молиявий ресурсларни сафарбар этиш;
  • муайян ҳудудларга импорт товарларини олиб кирганлик учун божхона тўловларидан тушган маблағларнинг бир қисмини маҳаллий бюджетларга йўналтириш, шу орқали импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни ривожлантириш бўйича махсус туман ва шаҳар инвестициявий фондларини яратиш;
  • «ишлаб чиқариш ипотекаси»ни, яъни тижорат банкларининг инвестициявий ресурслари ҳисобига тайёр корхоналар ташкил этиш ва келгусида тадбиркорлик субъектларига кредит ёки лизинг асосида бериш механизимларини амалиётга киритиш;
  • импорт ўрнини босадиган ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматларни ишлаб чиқариш бўйича асосли бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш учун имтиёзли кредитларни жорий этиш лозим.

Ворисованинг фикрича, ички бозорни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган юқори қўшимча қийматга эга товарлар билан тўлдириш барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий омилларидан бири бўлади.

Шунингдек, президентликка номзод маҳаллий ҳокимликлар даражасида ҳаёт учун муҳим ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда кундалик зарур товарларни ишлаб чиқариш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурларни шакллантириш ва тасдиқлаш лозимлиги таъкидланди.

Ҳудудий ривожлантириш дастурларида маҳаллий саноатнинг ўсиши билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарадорлигини ошириш, бу борада ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. Бунда:

  • қишлоқ хўжалигида натижадорликни ошириш имконини берадиган хўжалик юритиш шаклларини жорий қилиш, шу асосда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг барқарор ва самарали тизимини яратиш;
  • қишлоқ инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва технологияларини ривожлантиришга сармоя киритилишини кўпайтириш;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳамда қайта ишлаш корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантириш керак.

«Биз иқтисодиётни либераллаштириш ва эркин бозор муносабатлари жамиятни ижтимоий ривожлантириш мақсадларига эришиш кафолатини бермайди, деб ҳисоблаймиз. Шу боис давлат ва жамият томонидан иқтисодий ривожланишни назорат қилиш ҳамда тартибга солиш бўйича демократик тизимни шакллантириш лозим», — дейди Ворисова.

«Дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланилаётган „ҳашамат солиғи“ яъни қимматбаҳо товарларга, масалан, ҳашаматли кўчмас мулк, қимматбаҳо машиналарга солиқ солиш жорий этилади. Мамлакатдаги иқтисодий ресурслар бир ҳовуч одамлар қўлида тўпланиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу ресурсларда ҳар бир фуқаронинг ҳаққи, улуши бор», — дея таъкидлади у.

Бунда:

  • иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ва янги технологияларни жорий этиш масалалари бўйича барча жабҳаларда ижтимоий мулоқот ва жамоат назорати механизмини жорий этиш. Ушбу жараёнларни аҳолининг барқарор, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларида бандлигини ошириш, меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик даражаси ва ишлаб чиқаришнинг экологик тозалигини таъминлаш билан уйғунликда олиб бориш;
  • давлат ташқи қарзлари ҳамда инвестициялар устидан жамоатчилик назоратининг самарали тизимини яратиш, инвестиция сиёсатида жамият манфаатлари ҳимоясини таъминлаш лозим.

Учинчи йўналиш. Сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёждаги товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш

ХДП номзоди ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар нархлари ва тарифлари норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслиги учун ушбу нархларни шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш лозимлигини таъкидламоқда.

Шу мақсадда қуйидаги чораларни кўриш зарурлиги таъкиланди:

  • илғор хорижий тажриба ҳамда универсал халқаро ҳужжатларнинг тавсиялари ва меъёрларини ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқариш соҳасида давлат томонидан тартибга солиш чора-тадбирларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;
  • аҳолининг кам даромадли қатламларини ҳаёт учун зарур арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича мақсадли давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш;
  • саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини ички истеъмол бозорини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва товарлар билан тўлдиришга йўналтириш;
  • мамлакатда ишлаб чиқариш ресурси ва имконияти бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари, бошқа кундалик зарур товарларни импорт қилиш бўйича солиқ ва божхона тизимида мослашувчан чораларни амалга ошириш.

«Фермерлар учун банк хизматларининг рағбатлантирувчи усулларини жорий этиш керак деб ҳисоблайман. Ишчи кучи кўп бўлган ҳудудлардан ишчи кучи кам бўлган ҳудудларга кўчиб ўтадиган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ асосланган режалар ишлаб чиқилади», — деди Ворисова.

Тўртинчи йўналиш. Уй-жойлар ва коммунал хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш

«Уй жой масаласи бир неча йиллардан бери жамиятимизнинг энг ўткир муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Амалга оширилаётган қурилишлар кўлами халқ эхтиёжини қондира олмаяпти. Аҳолимиз йилига 700 минг нафардан ортиққа кўпаймоқда. Ҳар йили 300 минг янги оила қурилмоқда. Буларни инобатга олиб аҳолини уй-жой билан таъминлашни яхшилаш асосий мақсадларимдан биридир», — дея қайд этди Мақсуда Ворисова.

ХДП партияси аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий аҳволга тушган аёллар учун арзон уй-жойлар қурилишини янада кенгайтиришга эришишни режалаштираётганини маълум қилди.

Мазкур масалани ҳал этишда қуйидагиларни амалга ошириш лозимлиги айтилди:

  • мамлакатда замонавий инновацион технологиялар асосида қурилиш материаллари ва конструкциялар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш;
  • аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун арзон уй-жой қуришга имтиёзли ипотека кредити бериш амалиётини такомиллаштириш;
  • «Коммунал хизматлар тарифларини тартибга солиш асослари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
  • ўрта муддатли истиқболда шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларида аҳолини арзон электр-энергия, иссиқлик ва иссиқ сув тизими билан таъминлаш бўйича ҳудудий инвестиция дастурларини, жумладан, жойларда давлат хусусий шериклик тартибидаги дастурларни амалга ошириш;
  • коммунал хизматларни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан асоссиз равишда нарх-наво ва тарифлар оширилиши ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида, соҳада маълумотлар очиқлигини таъминлаш ҳамда коммунал хизматлар тарифлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;
  • ўрта муддатли истиқболда шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларида яшил ҳудудлар, истироҳат боғлари, болалар учун ўйин майдончаларини кенгайтириш, бунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг дам олиши учун зарур шароитларни яратиш.

ХДП номзодининг таъкидлашига кўра, бугунги кунда мамлакатда аҳолининг 65 фоизи марказлашган ичимлик суви, фақат 17 фоизи оқова сув хизматлари билан таъминланган. Сайловолди дастурида 2025 йилга қадар ҳудудларда ичимлик суви таъминоти тизимларини комплекс ривожлантириш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши кўзда тутилмоқда. «Бунинг натижасида ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 90 фоизга кўтариш зарур», — таъкидлаб ўтади Ворисова.

Бешинчи йўналиш. Аҳолининг барча қатламларига юқори сифатли ва тўлақонли тиббий ёрдам кўрсатиш

«Соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришда „аҳоли жон бошига“ ва „даволанган ҳолат учун“ тамойилларини жорий этиш керак. Соғлиқни сақлашни молиялаштиришнинг манзилли ва самарали усулларини татбиқ этиш, кадрларни тайёрлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, муносиб иш ҳақи билан таъминлаш чораларини кўриш асосий вазифаларимдан деб биламан», — дея қайд этди Ворисова.

Олис ва чекка ҳудудларда шифокорларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун «Қишлоқ шифокори» дастури амалга оширилиши айтилмоқда. Шунингдек, мактабгача таълим, мактаблар ва ўрта махсус таълим ташкилотларида «Соғлом ҳаёт» дастури бўйича факультатив курслар ташкил этилиши йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда.

Бирламчи тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам таъминланган аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантиришда қуйидагилар устувор йўналишлар сифатида эълон қилинди:

  • мулкчилик шаклидан ва молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган, давлат томонидан кафолатланган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;
  • аҳолини, жумладан, кам таъминланган оилаларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, бошқа ижтимоий-демографик заиф гуруҳларни юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдамдан фойдаланган ҳолда, ҳар йили бепул кўрикдан ўтказишни ташкил этиш;
  • аҳолининг алоҳида тоифалари, жумладан, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларга тақдим этиладиган дори воситалари, медикаментлар, протезлаш воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий хизматларни бепул тақдим этиш тизимини такомиллаштириш;
  • «Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.

«Бугунги кунда мамлакатда тиббиёт энг кам ҳақ олувчи соҳалардан бирига айланиб қолди. Шу боисдан шифокорларнинг иш ҳақини 2023 йилга бориб 3 баробарга ошириш, ҳамширалар ойлигини эса 2 баробарга ошириш чоралари кўрилади», — таъкидлади Мақсуда Ворисова.

Хусусий шифохоналарда 25 фоизгача ижтимоий қийин ҳолатдаги беморлар учун бепул ёрдам ташкил этиш қонунийлаштирилиши режалаштирилмоқда.

«Дорихоналар ва хусусий тиббий муассасалар тадбиркорлик мақомидан чиқарилиб, уларга алоҳида ижтимоий тадбиркорлик мақоми бериш ҳақида қонун қабул қилинади. Ўтган йиллар давомида республикамизда туғруқлар сони сезиларли ошди, аммо туғруқхоналардаги ўринлар сони қисқарди, натижада туманлардаги туғруқ бўлимларида аёллар ва чақалоқлар учун тиббий хизмат кўрсатиш сифати пасайиб бормоқда», — дейди Ворисова.

Олтинчи йўналиш. Ёшларнинг сифатли таълимдан тенг фойдаланишини таъминлаш

ХДП номзоди 6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни бепул 100 фоиз мактабгача таълим билан қамраб олишга эришиш лозимлигини таъкидлади.

Дастурга асосан, мактабгача, ўрта, касб-ҳунар ва олий таълимда аҳолининг барча қатламларига тенг имкониятлар яратиш учун қуйидаги чораларни кўриш белгиланмоқда:

  • 6 ёшга тўлган болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлов билан бепул тўлиқ қамраб олиш, ҳар бир аҳоли пунктида мактабгача таълим муассасаларини очиш;
  • мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги ўқувчилар ва тарбияланувчиларни сифатли ва соғлом озиқ-овқат билан кафолатли таъминлаш;
  • бепул олий таълим бериш тизимини тартибга солишнинг замонавий механизмларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш ва амалиётга жорий этиш. Шунингдек, талабаларнинг дарсни ўзлаштириши ва уларнинг инновацион фаолиятда иштирок этишига қараб, стипендиялар миқдорини белгилаш, турар-жойларга муҳтож талабаларни қулай яшаш шароитлари билан таъминлаш;
  • кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли фарзандларини таълим олишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
  • олис қишлоқлардаги болалар учун мўлжалланган маданият муассасалари, спорт иншоотлари, «Баркамол авлод» марказлари, мусиқа ва санъат мактабларининг фаолиятини янада ривожлантириш;
  • ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, уларга маънавий-маърифий соҳада тенг имкониятларни таъминлаш. Махсус адабиётларни, жумладан, овоз жўрлигидаги Брайль алифбоси асосида ҳам чоп этиш ва харид қилиш, инклюзив таълимни ривожлантириш, шу соҳада фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларга имтиёзлар тақдим этиш.

Бундан ташқари, ХДП дастурига кўра, мактабгача таълим тизимида талаба, ишлаш истаги бор оналарнинг фарзандлари учун болани 2 ёшдан қабул қилувчи махсус гуруҳлар ташкил этилади. Давлат, хусусий ва уй боғчаларида ягона таълим дастури асосида фаолиятини ташкил этиш таъминланади.

Бундан ташқари, олис ва чекка ҳудудларда ўқитувчиларга эҳтиёжни қоплаш учун «Қишлоқ ўқитувчиси» дастури амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Еттинчи йўналиш. Халқ демократияси ва ижтимоий тенглик

«Биз мамлакатда халқ демократияси тизимини шакллантириш тарафдоримиз. Бу аҳолининг барча, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг давлат ва жамият ҳаёти, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини таъминлаш демакдир», — дейди Ворисова.

Ушбу мақсадларда қуйидагиларга эришиш зарурлиги айтилди:

  • мамлакат ичида ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш;
  • аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини амалга ошириш билан боғлиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш мажбурийлигини қонунчиликда мустаҳкамлаш;
  • мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим жабҳалари, аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларига дахлдор бўлган ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича ижро ҳокимияти томонидан қарорлар қабул қилишда, парламентдаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан жамоатчилик маслаҳатшувини ўтказиш механизмини жорий этиш;
  • аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамасида эркин иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
  • давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг бевосита иштирокини кенгайтириш.

Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш, қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва имкониятлар тенглигига қатъий амал қилиш суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этишдаги устувор йўналишлар ҳисобланиши таъкидланди.

Шу мақсадда қуйидагилар белгиланмоқда:

  • одил судловни амалга оширишда фуқароларнинг судларда Халқ маслаҳатчилари сифатида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш;
  • фуқароларнинг осойишталиги ва жамият хавфсизлигини таъминлаш йўналишида кўнгилли Халқ посбонлари фаолиятини тиклаш;
  • камситишларга қарши қонунчиликда белгиланган меъёр ва қоидаларнинг амалда, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига нисбатан тўлиқ ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш;
  • ҳуқуқи бузилган кам даромадли фуқароларнинг ҳимоя қилишда адвокатура ва юридик хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш;
  • аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун ҳуқуқий ёрдам ва хизмат кўрсатиш бўйича ижтимоий мақбул бўлган тизим яратиш, уларга бепул маслаҳат берадиган «юридик клиника"лар тармоғини ривожлантириш;
  • аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга доир ишлар самарадорлигини янада яхшилаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари негизида хуқуқий маслаҳат бериш тизимини яратиш. Жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ижтимоий масалалар бўйича давлат ва вакиллик органларига юбораётган мурожаатлари юзасидан маслаҳатлар бериб бориш.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун ҳуқуқий ёрдам ва хизмат кўрсатиш бўйича ижтимоий мақбул бўлган тизим яратиш, уларга бепул маслаҳат берадиган «юридик клиника"лар тармоғи ривожлантирилади, деди Ворисова.

Саккизинчи йўналиш. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш

ХДП мамлакатда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш тарафдори эканлигини таъкидлаб, ушбу мақсадда қуйидагиларни амалга оширишни мақсад қилмоқда:

  • аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг энг самарали ва адолатли шакли сифатида маҳалла тизимини ривожлантириш, маъмурий, ижтимоий, экологик, маданий ва бошқа муаммоларни ҳал этишда унинг тўлиқ иштирокини таъминлаш;
  • қабул қилинаётган қонунлар ва қонун ҳужжатлари, давлат бошқаруви органлари фаолияти натижаларини ошкора ва конструктив муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш;
  • долзарб иқтисодий ва ижтимоий вазифаларнинг ҳал этилишига таъсир кўрсатиш масалаларида сиёсий партиялар, уларнинг депутатлик бирлашмалари ҳуқуқ ва ваколатларини янада ошириш бўйича аниқ чоралар кўриш;
  • давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шериклик амалиётини кенг ривожлантириш;
  • жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқароларнинг бевосита иштироки даражасини ошириш.

«Ёшларга оид давлат сиёсати ёшларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилиши лозим. Салоҳиятли ёшларга сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари тизимида ишлашини рағбатлантириш зарур», — дейди Мақсуда Ворисова.

Давлат органлари фаолиятига аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатадиган муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларни самарали ҳал қилишни таъминлайдиган замонавий «ижтимоий диагностика» услубларини жорий қилиш кераклиги таъкидланди.

«Яна бир муҳим масала, прокурор томонидан ҳоким қарорига нисбатан 3 маротаба асосли протест киритилган тақдирда ҳокимнинг ишда қолиш-қолмаслиги масаласи маҳаллий Кенгаш кун тартибида кўрилишини назарда тутувчи нормалар ишлаб чиқилади», — деди Мақсуда Ворисова.

Тўққизинчи йўналиш. Халқаро сиёсат

«Биз Ўзбекистоннинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатдорлик ва тенг ҳуқуқлилик асосида ҳамкорлик ва шерикчиликни фаол ривожлантириш, яхши қўшничилик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш тамойиллари асосида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан муносабатларни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббускор халқаро сиёсат юритиш тарафдоримиз», — дейилади Мақсуда Ворисованинг дастурида.

Ушбу йўналишда қуйидаги вазифалар белгиланмоқда:

  • Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларга қўшилиши масалаларини кўриб чиқиш. Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотларни мунтазам равишда ўтказиш;
  • БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва инсон ҳуқуқлари масаласи юзасидан халқаро ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни кучайтириш;
  • минтақавий барқарор ижтимоий ривожланиш, муқобил энергетика ва замонавий тиббиёт соҳаларида инновацион дастурлар ҳамда лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш мақсадида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан ҳамкорликни кучайтириш;
  • чет элда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш. Шу асосда тартибга солинган, хавфсиз, бошқариладиган меҳнат миграцияси сиёсатини амалга ошириш.

«Афғонистон билан алоқаларда дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини қўллаб қўвватлаш ва ички ишларга аралашмаслик сиёсатини маъқуллаймиз. Хукумат транзитини миллий келишув асосида тинглик ййўли билан ҳал этилиши тарафдоримиз», — деб айтди ХДП номзоди.

Халқ демократик партияси ташқи сиёсат вазифаларини самарали амалга оширишда гуманитар, маданият, санъат, илм-фан, спорт ва туризм, нодавлат ташкилотлар ҳамда партиялараро алоқалар соҳаларида «халқ дипломатияси» усулларини қўллаш ҳамда мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашда халқаро ахборот ресурсларидан фаол фойдаланиш тарафдори эканлигини таъкидлади.

«Тақдим этилаётган дастуримизда мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, олиб борилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган энг муҳим масалалар қамраб олинган», — дея қўшимча қилди Мақсуда Ворисова.