5 октябрь куни Тошкентнинг Сергели туманидаги KIA Motors автосалонида Жанубий Кореянинг KIA ишлаб чиқарувчисининг янги — Seltos ва K5 моделлари тақдимоти бўлиб ўтди. Аввалроқ «Газета.uz» Roodell компанияси «Жиззах» эркин иқтисодий зонасидаги ADM-Jizzakh заводида ушбу икки моделни йиғишни ва ноябрь ойидан савдога чиқаришни режалаштираётганини хабар қилган эди.

Олтита комплектацияда тақдим этилган К5 седани нархи 249,9−369,9 млн сўм, учта комплектациядаги Seltos ихчам кроссовери нархи эса 229,9−279,9 млн сўм атрофидаги ташкил этмоқда.

Дониёр Давлатёров.

Roodell бош директори ва асосчиси Дониёр Давлатёров «Газета.uz»га Россиядаги нархлар ўртасидаги фарқлар, Ўзбекистон учун тақдим этилаётган эксклюзив моделлар сафини кенгайтириш, шунингдек, «Ўзавтосаноат» билан ҳамкорликдаги мураккабликлар тўғрисида сўзлаб берди.

KIA моделлари қийматининг Россиядаги нархлар билан фарқи ҳақида

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ва Россиядаги KIA нархлари ўртасидаги фарқларга диққат қаратилди. Дониёр Давлатёров нима учун Россиядаги моделлар арзонроқ эканини тушунтириб берди.

«Биринчидан, биз Россия Федерациясида тайёрланмайдиган комплектлардан машиналар ишлаб чиқарамиз, яъни автомобиль нархининг Россия билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Иккинчидан, бизда бутунлай бошқа комплектациялар мавжуд. Россияда эътибор маҳсулот таннархини пасайтиришга қаратилган, чунки ҳар йили қарийб 1,5 миллион дона автомобиль сотиладиган жуда рақобатбардош бозор мавжуд, бизнинг ҳолатимизда эса бу босқичда бизга замонавий, жиҳозланиш жиҳатидан ранг-баранг, бизнинг бозоримизда эса умуман мавжуд бўлмаган нарсаларга эга яхши автомобиль. Шунинг учун конплектацияларимиз ўз-ўзидан Россияникига қараганда қимматроқ», — деди у.

«Масалан, Россияда KIA Seltos 1,6 л двигатель ва механик узатмалар қутиси билан сотилмоқда. Бизда бунақаси мутлақо йўқ. Бизда фақатгина муқобилсиз автомат узатмалар қутиси бўлган 2 литрли двигателлиси бор. K5 билан ҳам худди шундай», — дея тушунтирди тадбиркор.

Roodell эҳтиёт қисмларни етказиб беришдаги транспорт харажатларини ҳам санаб ўтди

«Яна транспорт логистикаси. Агарда биз эҳтиёт қисмларни Жанубий Кореядан олиб келсак, улар портда юкланади, портдан Россияга, у ердан Россия бўйлаб поездларда Қозоғистонга, у ердан Тошкентга, бу ерда вагонларга ортилиб, Жиззахга олиб келинади. Бу катта харажатларга олиб келади. Кейинги босқичда биз завод олдига логистика харажатларини камайтириш орқали маҳсулот таннархини пасайтириш вазифасини қўйганмиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Roodell компаниясининг асосий вазифаси харидор нимани хоҳлаётган бўлса шуни бериш учун Ўзбекистон бозорига маҳсулот чиқариш ва ишни имкон қадар тезроқ бошлаш бўлган.

Дониёр Давлатёровнинг фикрича, Ўзбекистонда KIA автомобиллари нархлари бирмунча арзон, чунки тайёр кўринишда импорт қилинганида нархлар 70−80 фоизга қимматроқ бўлиши мумкин эди. Шундай қилиб, компания маҳаллий харидорларга замонавий, муқобил ниманидир тақдим этишни хоҳлади.

Ўзбекистон учун эксклюзив моделлар сафини кенгайтириш

Автомобиль ишлаб чиқарувчисининг бизнес режаси ва ривожланиш стратегиясига кўра, ҳар чоракда биттадан KIA моделини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

«KIA моделлари ҳақида гапирадиган бўлсак, келгуси йил охирига қадар биз моделлар сафида 8 рақамига келамиз. Нимадир арзонроқ, нимадир қимматроқ бўлади. Бизнинг мақсадимиз — Ўзбекистонга замонавий, янгиланган, охиргиларни олиб келиш», — дедитадбиркор.

Унинг сўзларига кўра, янги моделлар асосий бозорларда бироз рестайлинг ўтказилгандан сўнг ишга туширилади.

Биринчи босқичда завод 195 операцияни бажарадиган йирик узелли йиғиш усули бўйича автомобилларни йиғади.

Иккинчи босқичда, 2022 йил охирига қадар пайвандлаш, корпус бўяш устахоналари ва СKD-йиғишни ўз ичига олган линияларни ишга тушириш режалаштирилган. Айни пайтда объектда 600 га яқин ишчи, шу жумладан заводнинг ўзида 200 ишчи меҳнат қилмоқда.

«Иккинчи босқичда биз бутунлай бошқа автомобилни чиқарамиз, у ҳозир ҳеч қаерда йўқ. У МДҲда тақдим этилмаган. Бу эксклюзив равишда Ўзбекистон ҳудудида бутун минтақа учун ишлаб чиқариладиган янги KIA маҳсулоти бўлади… Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, бу арзон автомобиль бўлиб, экспорт ҳам қилинади», — деди Дониёр Давлатёров.

Жиззахдаги эркин иқтисодий зона аъзоси сифатида ўз мажбуриятлари доирасида Roodell ишлаб чиқарилган автомобилларнинг тахминан 20 фоизини экспорт қилишни, шунингдек маҳаллийлаштириш даражасини камида 30 фоизга етказишни ният қилмоқда.

UzAuto Motors монополияси ва «Ўзавтосаноат» билан ҳамкорлик

Дониёр Давлатёров монополия бир томондан қўрқитгани, иккинчи томондан эса ундан миннатдор эканини тан олди.

«Чунки улар бўлмаганида биргаликда завод қурган шерикларимиз, катта эҳтимол билан [Roodell билан ҳамкорлик қилишга рози бўлмаган бўларди]», — дея таъкидлади у.

Roodell шериклари биринчи бўлиб завод қуриш учун «Ўзавтосаноат»га мурожаат қилган, бироқ улардан рад жавобини олган, дея маълум қилди тадбиркор.

«Шерикларимизнинг айтишича, ҳозирги шериклари билан тузилган битим ноодатий бўлгани учун улар рад этишган. Рад этилганидан кейин брендлар заводни қуриш учун бошқа шерикларни излашга тушган. Биз улар билан келишдик, гарчи узоқ вақт ишонтирдик: „Қўрқманглар, бизнинг бозор даҳшатли эмас, монополист сизни эзиб ташламайди, бизнинг бозоримиз мутлақо очиқ“», — деди у.

Дониёр Давлатёровнинг тасдиқлашича, унинг компанияси эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштиришда «Ўзавтосаноат» билан ҳамкорлик қилиш ниятида.

«Бизнинг „Ўзавтосаноат“ билан ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Бу компания бозорда 25 йилдан буён ишлаб келмоқда ва биз учун қизиқ бўлган корхоналарга эгалик қилади. Биз улар билан қуйидаги соҳаларда ишлашни хоҳлаймиз: аккумулятор батареялари, ўриндиқлар, ойна, тутун чиқариш тизимлари. Булар биз биринчи босқичда маҳаллийлаштиришни хоҳлаган эҳтиёт қисмлардир», — деди у.

Ўз навбатида, Roodell «Ўзавтосаноат» билан музокараларда муайян қийинчиликларга тўқнаш келмоқда, дея маълум қилди ишбилармон.

«Бироқ қийинчиликлар бор, тан оламан. Улар биздан ўзларини олиб қочишмоқда, биз билан гаплашишни хоҳлашмаяпти. «Сиз — хусусий компаниясиз, «Ўзавтосаноат»га алоқангиз йўқ, бизнинг рақобатчимизсиз, дейишмоқда. Аминманки, биз, барибир, «Ўзавтосаноат» билан келишувга эришамиз. Биз келинг, бирга ишлаймиз, деб очиқ айтамиз. Мана шу — тилларда, ОАВда жуда машҳур бўлган кооперация, бироқ аслида эришиш жуда қийин», — деб ҳисоблайди у.

Унинг сўзларига кўра, Россия, Ҳиндистон ва Корея Республикасидан бўлган сармоядорлар Ўзбекистон бозорига кириш ва автомобиллар учун эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришга тайёр.

Roodell компанияси келгусида фақатгина KIA эмас, балки жаҳоннинг бошқа машҳур брендлари автомобилларини ҳам ишлаб чиқаришни мақсад қилган.

Фото