Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистонда Volkswagen енгил тижорий автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Қарорга кўра, лойиҳа икки босқичда амалга оширилади.

Ўзбекистон 24 телеканалининг хабар қилишича, биринчи босқичда — 2020−2021 йилларда Volkswagen ва Škoda автомобилларини тайёр ҳолда олиб кириш режалаштирилган. Фарғона, Тошкент ва Жиззахда диллерлик ва хизмат кўрсатиш тармоқлари ишга туширилади.

Volkswagen Caddy русумли автомобиллар савдосини эса июль ойидан бошлаш режалаштирилмоқда.

Ҳужжатда 2021 йил ноябргача лойиҳанинг иккинчи босқичига ўтиш тўғрисида инвестиция шартномасини ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва тузиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Иккинчи босқичга кўра, 2022 йилдан бошлаб тўлиқ ишлаб чиқариш цикли ташкил қилинади ва инвестициялар ҳажми, автомобиль экспорти масалалари ҳам ҳал қилинади.

Қарор доирасида Ўзбекистонда 40 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчалари ташкил этилади, уларда Евро-5 стандартидаги бензин ва дизель ёқилғиси сотилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Volkswagen Ўзбекистонда енгил тижорий автомобилларни ишлаб чиқариши мумкинлиги ва биринчи бўлиб Volkswagen Caddy модели савдоси шу йилдан бошланиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эдик.