Ўзбекистонда биринчи Volkswagen дилерлик маркази очилди ва у ерда компаниянинг енгил тижорат транспорти — Caddy моделли сотувлари бошланди, дея хабар берилди дилерлик марказининг очилиш тақдимотида.

«Ўзавтосаноат» компанияси раиси Шавкат Умурзоқов тақдимот давомида ушбу лойиҳага Ўзбекистон президентининг 2019 йил январь ойида Германияга ташрифи чоғида қўл урилганини маълум қилди. Шу тариқа «Ўзавтосаноат» ва Volkswagen концерни ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланганди. Шавкат Умурзоқов лойиҳанинг дастлабки босқичида етти ўринли Caddy минивэнини ишлаб чиқаришга қарор қилингани қайд этиб ўтди.

«Сабаби Ўзбекистон автомобиль саноати томонидан айнан шу автомашина сегменти ишлаб чиқарилмайди ва бўш турарди. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки МДҲ давлатларида ва яқин хориж давлатларида бу сегмент бўш ҳисобланади. Яқин келажакда биз ишлаб чиқарилаётган автомобилларни маҳаллийлаштириш даражасини Volkswagen сифат даражасида амалга оширишга имконият беради», — дея таъкидлади «Ўзавтосаноат» компанияси раҳбари.

«Фольксваген Груп Рус» бош директори Маркус Озегович Volkswagen Group кўп йиллардан буён MAN юк автомашинаси бренди остида Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётганини эслатиб ўтди.

«Яқин кунларда биз ҳамкорлигимизнинг янги босқичига ўтишни режалаштирганмиз. Биз ўз автомобилларимизни дунёнинг турли мамлакатларида сотамиз, лекин уни ишлаб чиқарувчи мамлакатлар сони анча чекланган. Шунинг учун Ўзбекистоннинг мана шу куздан бошлаб бизнинг автомобиль ишлаб чиқарувчи мамлакатлар рўйхатига киришидан бағоятда мамнунман», — деди у.


Жиззах автомобиль заводи бош директори Ойбек Аюбов келгуси ҳафталарда Тошкентда, шунингдек, Жиззах ва Қўқонда, келажакда эса мамлакатнинг барча минтақаларида биттадан дилерлик марказини очиш режалаштирилганлигини айтиб ўтди.

Volkswagen Caddy автомобилининг техник хусусиятлари

Автомобиль тўрт цилиндрли жами ҳажми 1,6 литрга эга бензин двигатели билан жиҳозланган. Максимал қувват — 110 от кучи. Ўртача ёқилғи сарфи 6−8 литрни ташкил этади, экологик стандарт Евро-3 га тенг.

Ўзбекистонда Volkswagen Caddy 3 та комплектация кўринишида тақдим этилади:

  • Kasten — Қисқа базали ва кўтариш қобилияти 750 кг гача бўлган юк комплектацияси;
  • Kombi — ҳам юк ҳам йўловчи ташувчи комплектация (5 ўринли);
  • Trendline — йўловчи ташувчи комплектация (2 тадан 7 тагача ўрин)

Нарх

Volkswagen Caddy автомобилига бўлган дастлабки нархлар қуйидагича:

  • Kasten — 172,1 млн сўм (16,8 минг АҚШ доллари — 28 июль кунидан МБ курси бўйича);
  • Kombi — 190 млн сўм (18,6 минг доллар);
  • Trendline — 221,9 млн сўм (21,7 минг доллар).

Мазкур автомобилларни дилерлик марказидан (Тошкент шаҳар, Сергели тумани, Обихаёт кўч., 39) ва онлайн volkswagen.uz сайти орқали харид қилиш мумкин.

Компаниянинг «Газета.uz»га маълум қилишича, биринчи босқич якунларига кўра, бозор ва талабни ўрганиш ҳамда бу йил 2000 тагача автомобиль сотиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа 2 бочқичда амалга оширилади. Дастлабки босқичда (2020−2021 йилларда) Volkswagen ва Škoda (1991 йилдан бошлаб, Volkswagen концернининг бир қисми ҳисобланади) автомобиллари тайёр ҳолатда импорт қилинади. Компаниянинг таъкидлашича, автомобиллар Польшадан келтирилмоқда.

Жиззах автомобиль заводи ходимлари йирик узел йиғиш ва сифат назорати бўйича ўқитилади. Немис мутахассислари сифатли аудитини ўтказадилар.

2022 йилдан бошлаб эса пайвандлаш, бўяш ва йиғиш жараёнларини ўз ичига олган тўлиқ ишлаб чиқариш цикли бошланади.