2021 йил январь-март ойлари якунлари бўйича Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 930 млн долларга (11,6 фоизга) камайиб, 7,1 млрд долларни ташкил этди. Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида бу ҳақда сўз боради.

Экспорт 2,4 млрд долларни (2020 йил январь-мартга нисбатан 26,5 фоизга пасайиш қайд этилди), импорт эса 4,7 млрд долларни (1,3 фоизга пасайиш) ташкил этди. Натижада ташқи савдо айланмаси 2,3 млрд долларга пассив салдодан иборат бўлди.


Манба: Давлат статистика қўмитаси

Ўзбекистон жаҳоннинг 151 та мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Асосий савдо шериклари анъанавий равишда Хитой (савдо айланмаси — 1,4 млрд доллар) ва Россия (1,3 млрд доллар) ҳисобланади. Улардан кейин Қозоғистон (866,7 млн доллар), Туркия (653,3 млн доллар), Жанубий Корея (408,3 млн доллар). Қирғизистон билан савдо ҳажми 187,9 млн , Афғонистон — 165,6 млн, Украина — 130,1 млн, Германия — 121,3 млн, Ҳиндистон — 117,7 млн долларни ташкил этди.

Бунда 20 та йирик шерик-давлатлар орасида олти мамлакат, хусусан, Афғонистон (165,1 млн), Қирғизистон (104,4 млн), Туркия (93,4 млн), Тожикистон (75,8 млн), Канада (41 млн) ва Эрон (15,8 млн) билан фаол ташқи савдо баланси мавжуд. Ташқи савдо айланмасининг пассив салдоси қолган 14 давлатда сақланиб қолмоқда.

Экспорт

Январь-март ойлари якунида товар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкор давлатлар таркибида Хитой (экспорт умумий ҳажмининг 19,6% и), Туркия (15,6%), Россия Федерацияси (15,1%), Қозоғистон (10,3%), Aфғонистон (6,9%), Қирғиз Республикаси (6,1%) ва Тожикистон (3,7%) давлатлари сақланиб қолмоқда ҳамда уларнинг жами экспортдаги улуши 77,3% ни ташкил этмоқда.

Экспорт таркибида товарлар улуши 80,5% ни ташкил этиб, улар саноат товарлари (38,0%), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (9,5%) ва кимёвий воситалар ва бошқа тоифаларга киритилмаган шунга ўхшаш маҳсулотлар (9,5%) ҳиссасига тўғри келмоқда

Республика экспорти таркибида энг юқори улушни Тошкент шаҳри 31,3% улуш билан 750,2 млн долларни, энг қуйи улушни эса Қашқадарё вилояти 1,8% улуш билан 42,1 млн долларини ташкил этди.

Экспорт ҳажмининг сезиларли пасайишига, аввалроқ «Газета.uz» хабар қилганидай, етти ойдан бери Ўзбекистон олтин экспорт қилмаётганининг сабабидир. Ушбу чоракда газ сотуви 49,3 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 63,6 фоизга кам.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажми 218 минг тоннани ташкил этди ва қиймат жиҳатидан $ 133,8 миллиондан ошди (пасайиш даражаси 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 1,9%). Мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари — Қозоғистон, Хитой, Россия ва Покистон давлатлари ҳиссасига тўғри келади.

Жорий йилда 637,7 млн долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилиб, умумий экспортнинг 26,6% ини ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 37,8% га ўсди.

Экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари таркибида пахтадан йигирилган ип (54,9%), тайёр трикотаж ва тикувчилик кийимлари (23,1%) асосий улушни эгаллаган. Йил бошидан 364 турдаги тўқимачилик маҳсулотлари дунёнинг 54 та давлатига экспорт қилинди.

Тўқимачилик маҳсулотларининг энг катта улуши Россия Федерацияси (209,4 млн доллар — 32,8%), Хитой Халқ Республикаси (170,1 млн доллар — 26,7%) ва Қирғиз Республикаси (84,0 млн доллар — 13,2%) давлатлари ҳиссасига тўғри келди.

Хизматлар экспорти ҳажми 467,1 млн долларни ёки жами экспорт ҳажмининг 19,5% ини ташкил этиб, 2020- йилга нисбатан 25,7% га камайганлиги кузатилди. Хизматлар экспорти таркибининг асосий улуши транспорт (72,0%), сафарлар (туризм) (12,2%), телекоммуникация, компьютер ва ахборот (7,0%) ҳамда бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ хизматлар (3,5%) ҳиссасига тўғри келган.

Шу билан бирга, бошқа хизматлар (5,3%)ни ташкил этиб, таркибида энг юқори улушлар қурилиш хизматлари (2,3%), молиявий хизматлар (1,1%) ҳамда техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича хизматлар (0,6%) ҳиссасига тўғри келди.

Импорт

Импорт ҳажми 4,707 млрд долларни ва 2020 йилга нисбатан 98,7% ни ташкил этди. Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (29,5%), саноат товарлари (18,7%) ҳамда кимёвий воситалар ва бошқа тоифаларга киритилмаган шунга ўхшаш маҳсулотлар (14,3%) ҳисобига тўғри келди.

Товарлар импорти динамикаси таҳлилига кўра, импорт қилинган товарлар ҳажми, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,7 млн долларга кўпайди ва 4 345,1 млн долларни ташкил этди. Хизматлар импорти эса 361,9 млн долларга етди.

Умумий товарлар импорти ўтган йилга нисбатан камайишига қарамай айрим товар гуруҳларида ўсиш кузатилди. Масалан, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари — 300,2 млн доллар (ўсиш — 32,9%), эфир мойлари, резиноидлар ва атторлик моддалари — 57,7 млн доллар (ўсиш — 31,1%), донли экинлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар — 180,8 млн доллар (ўсиш — 40,6%) га етди.

Ўзбекистон томонидан 134 давлатдан товарлар ва хизматлар импорти амалга оширилди. Етти йирик ҳамкор давлатлар (Хитой, Россия, Қозоғистон, Корея Республикаси, Туркия Германия ва Ҳиндистон) жами импортнинг 72,0% улушини ташкил қилди, бу 3,387 млрд долларни ташкил этди.

Саноат товарлари импорти ҳажми 880,8 миллион долларни ташкил этди ва 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 14,8 фоизга ўсди.

Саноат товарлари импорти асосан чўян ёки легирланмаган пўлат (392,3 млн доллар), металл буюмлар бўйича (103,1 млн доллар), металл бўлмаган маҳсулотлар (85,8 млн доллар), тўқимачилик иплари, матолар, тайёр маҳсулотлар (83,9 млн доллар), қоғоз ва картон (66,1 млн доллар) ва бошқалардан ташкил топган.

Хизматлар импорти ҳажми 361,9 млн долларни ёки жами импорт ҳажмининг 7,7% ини ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 67,1% га камайган. Хизматлар импорти таркибининг асосий улуши бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ хизматлар (36,7%), сафарлар (туризм хизматлари) (34,9%) интеллектуал мулкдан фойдаланганлик учун йиғимлар (6,7%) ва транспорт хизматлари (6,7%) га тегишли бўлди. Шунингдек, бошқа хизматлар улуши жами хизматлар импортининг 15,0% ини ташкил этиб, унинг таркибида юқори улушларни телекоммуникация, компютер ва ахборот хизматлари (6,5%), қурилиш хизматлари (3,6%), техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича хизматлар (2,0%) ва бошқалар ташкил этди.

Пандемия пайтида киритилган карантин чекловлари хизмат кўрсатиш соҳасига ҳам

таъсир кўрсатди. Хусусан, яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар томонидан халқаро транспорт қатнови транзитига қўйилган чекловлар натижасида транспорт хизматлари импорти 3 баравар камайиб, 24,2 млн долларни ташкил этди, дея маълум қилди Статистика қўмитаси.

Шу билан бирга, 2020- йилга нисбатан баъзи хизматлар импорти ошиши кузатилган. Хусусан, бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ хизматлар импорти 132,9 млн доллар (ўсиш — 9,3 б.), қурилиш хизматлари — 13,1 млн доллар (ўсиш — 4,1 баравар)ни ташкил этди.