Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан 12 апрель куни Қарши шаҳар Лойиҳачилар кўчасидаги эски озиқ-овқат омбори ҳудудида ҳар хил турдаги кўп йиллик дарахтлар кесиб кетилгани аниқланди.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, объект қурилиши учун дарахтлар таг қисмидан кесилган бўлган. Қўмита давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти талаблари бузилганини маълум қилди.

Вилоят Экология бошқармаси ижобий хулосаси олинмасдан Қарши шаҳар ҳокимлиги 2021 йилнинг 25 январида дарахтларни кесишга рухсат берган. Натижада, жами 47 туп ҳар хил турдаги ва диаметрдаги, хусусан, 26 туп виргин арчаси, 8 туп шумтол, 2 туп оддий ўрик, 3 туп чинор, 1 туп қароли, 6 туп оқ тут дарахтлари таг қисмидан, 1 туп қайрағоч дарахти эса илдизи билан қўпориб ташланган.

Фото: Давлат экология қўмитаси.

«Энг ачинарлиси — бу дарахтлар Республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесилишига жорий этилган мараторий амал қилиб турилган бир пайтда кесилган», — дейилади хабарда.

Ноқонуний кесиб кетилган дарахтлар учун ўрнатилган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Табиатга, ўсимлик дунёсига етказилган зарар 253,5 млн сўм деб баҳоланмоқда. Давлат экология қўмитаси мазкур ҳолат бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар тегишли органларга тақдим қилинишини маълум қилди.

Аввалроқ, «Газета.uz» Қарши шаҳар ҳокимлиги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясининг хулосасисиз 10 гектар майдонда кичик саноат зонасини барпо этиш учун 2874 туп дарахтни ноқонуний кесгани ҳақида хабар берган эди.

Маълумот ўрнида, дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2020 йилнинг 31 декабрида якунига етган эди. Сўнгра, мораторий президент фармони билан 2021 йил 31 декабргача узайтирилди.