Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри Буюк Турон кўчасида минглаб дарахтларнинг қўпорилаётганлиги ҳақида Давлат экология қўмитаси хабар берди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси Давлат экология қўмитаси ва Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси инспекторлари белгиланган манзил бўйича мурожаатни ўрганиб чиқдилар.

Ўрганиш натижаларига кўра, вилоят ҳокими қарорига асосан ажратилган 10 гектар ер майдонида Кичик саноат зонаси ташкил этилаётган бўлган. Мазкур ҳудуддаги 2 874 туп ҳар хил турдаги дарахтлар давлат рақами (555 SA 70) экскаватор техника воситаси ёрдамида илдизи билан қўпорилганлиги аниқланди ва ҳолат юзасидан далолатнома тузилган.

Экология қўмитаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, Қарши шаҳар Қурилиш бўлимининг 2020 йил 23 ноябрдаги Қарши шаҳар «Буюк Турон» МФЙ, Буюк Турон кўчасида ташкил этилаётган «Кичик саноат зонаси» ҳудудидаги экинзор ва дарахтларни таг қисмидан олиб ташлаш тўғрисидаги мурожаатига жавобан Қарши шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан дарахт ва буталарни кесиш тартиби кўрсатиб ўтилган ҳолда, дарахт ва буталарни кесишга рухсат берилмаган.

Шу билан бирга, ажратилган 10 гектар ер майдонида ташкил этилаётган Кичик саноат зонаси бўйича Давлат экология қўмитасининг экологик ҳулосаси олинмаганлиги аниқланган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, ушбу ҳудуддаги 12 гектар ердан ҳозирги кунга қадар аҳоли фойдаланган.

«Дарахт кесишларини тўхтатишгандан кейинги ҳолат бу. 1 суткадан кўпрок вақтда дарахт кесиш бошланган. Муаммо нимадан келиб чиқяпти. Одамлар бўлиб-бўлиб олган, лекин олганлиги тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Аҳолинининг агар томорқа ҳудуди бўлганида у мевали дарахтлар ўзининг мулки ҳисобланар эди. Хоҳласа кесиши мумкин эди унда. Лекин ўша ер кадастр ҳужжатларида белгиланмаганлиги сабабли, бу табиат мулки ҳисобланади ва давлатнинг захира ери саналади. Шу пайтгача ҳам захира ери ҳисобланган, лекин аҳоли ундан фойланиб келаверган. Бу ҳам Қарши шаҳар ҳокимияти томонидан қилинган ноқонуний ҳолат. Чунки захира ерини аҳоли фойдаланишга бериш мумкин эмас. Жиноят аломатлари жуда юқори», — дея маълум қилди Экология қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаев.

Бундан ташқари, Қашқадарёдаги экология инспекцияси чалғитилгани ва бу аҳолининг томорқа ери деб келишганлиги маълум қилинди.

«Бироқ ҳужжатлар текширилганда ернинг фақат 3 гектарида 24 минг дарахт борлиги аниқланган (қолган 7 гектар ердаги дарахтлар сони суриштирилмоқда — таҳр.), улардан 2874 тупи кесиб ташланган. Қолганлари сақлаб қолинди», — деб қўшимча қилди Бунёд Абдуллаев.

Бундан аввал, Сергели туманида 14 туп дарахт экскаватор билан қўпорилганлиги ҳақида хабар берган эдик.