7 ноябр куни Самара вилояти, Самара шаҳри, Промишленности кўчаси 33-уй манзилида жойлашган шахсий уй ёниб кетди, деб ҳабар бермоқда ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти аxборот ҳизмати.

Ёнғин натижасида 5 нафар одам жароҳат олган, 4 киши вафот этган. Жароҳатланганлардан бири Ўзбекистон фуқароси A.Х. Н.И.Пирогов номли 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган. Ташхис — ис газидан заҳарланиш, бошнинг юмшоқ тўқималари лат ейиши.

Вафот этганларнинг шахси аниқланмоқда. Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Бош консулхона вазиятни назоратга олганлиги ҳамда ваколатли органлар ва тиббиёт муассасаси билан доимий алоқада бўлиб турганлигини маълум қилди.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Волгабўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Киров вилояти, Марий Ел Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород вилояти, Оренбург вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Самара вилояти, Саратов вилояти, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов вилояти, Чувашия Республикаси) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Қозон шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди: +7−843−526−55−64, +7−843−526−55−65.