Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков бош вазир Кубатбек Бороновнинг истеъфосини қабул қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бу Қирғизистон ҳукуматининг ҳам истеъфога чиққанини англатади, аммо унинг аъзолари янги ҳукумат тузилгунига қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этишади.

Кубатбек Боронов июнь ойидан бери ҳукуматнинг техник раҳбари сифатида бош вазир вазифасини бажариб келаётган эди.

Қирғизистон бош вазири лавозимига эгалик қилиш бўйича ҳозирда асосий рақобатчилар 6 октябрь куни парламент депутатлари томонидан фавқулодда йиғилишда ҳукумат бошлиғи этиб сайланган, «Мекенчил» партиясининг асосчиси Садир Жапаров ва «Республика-Ата Журт» сиёсий партиясининг собиқ раҳбари ва 2017 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловлари номзоди Омурбек Бабановлар бўлиб қолишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни минглаб одамлар Бишкекда бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларига норозилик билдириб, намойишларга чиқди. Эртаси куни Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини бекор қилишга мажбур бўлди. 9 октябрь куни Қирғизистон президенти ижро ҳокимиятининг қонуний раҳбарлари тасдиқланиб, мамлакат қонунийлик йўлига қайтиши биланоқ истеъфога чиқишга тайёрлигини эълон қилди.