Бишкек марказидаги норозилик намойишларида бир киши ҳалок бўлди ва 590 киши жароҳат олди, дея хабар берди РИА Новости Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб.

Мамлакатнинг минглаб аҳолиси бир кун олдин Қирғизистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларидан норози бўлиб митингга чиқди. Расмий маълумотларга кўра, 16 иштирокчи партиядан Жогорку Кенешга атиги 4 таси ўринларга эга бўлган, шулардан 2 таси ҳукуматни қўллаб-қувватлаган. Сайловларда кўплаб қонунбузарликлар, шу жумладан овозларни сотиб олиш ҳолатлари қайд этилди. Бой берган партиялар вакиллари овоз бериш натижаларини тан олишдан бош тортиб, МСКни уларни бекор қилишга чақирдилар.

Тинч бошланган ҳаракатлар кечки пайтга келиб ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан тўқнашувга айланди. Хавфсизлик кучлари юқори товушли граната, кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган. Намойишчилар полиция билан тўқнашувга тайёргарлик кўриш учун йўлакка ётқизилган тошларни кўтариб олишган ва кўчаларни ахлат қутилари билан тўсиб қўйишган.

Кейинроқ намойишчилар парламент ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уйга бостириб кириб, уни эгаллаб олишди. Намойишчилар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига боришди. Хавфсизлик хизмати ходимлари билан музокаралардан сўнг улар собиқ президент Алмазбек Атамбаевни ўтган ёздан бери ҳибсда бўлган МХДҚ қамоқхонасидан озод қилишди. Атамбаев даврида ҳукуматни бошқарган собиқ бош вазир Сапар Исаков ҳам колониядан озод қилинди.

«Газета.uz»нинг Бишкекдаги манбалари душанба куни Интернет ва мобил алоқадан узилишлар юз бергани ҳақида хабар беришган эди. Кейинчалик, уяли алоқа хизмати қайта тикланган.

Тартибсизликлар оқибатида Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 6 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида иштирок этган барча 16 партия раҳбарлари билан учрашишини маълум қилди.

Давлат раҳбари матбуот котиби Толғонай Стамалиеванинг таъкидлашича, президент ҳозирда Бишкекда бўлиб, мамлакатдаги барча сиёсий кучларни ақл билан иш кўришга чақирмоқда. Унинг сўзларига кўра, мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Сооронбай Жээнбеков МСКга қонун бузилиши билан боғлиқ материалларни ўрганиб чиқишни, ҳатто парламент сайловлари натижаларини бекор қилиш каби имкониятларни кўриб чиқишни тавсия қилди.

24.kg ахборот агентлиги сешанба куни эрталаб намойишчилар пойтахт ҳокимлиги биносини эгаллаб олишгани ҳақида хабар берди. Бу билан параллель равишда, Ўшда Сооронбай Жээнбековни қўллаб-қувватловчи митинг бошланди.