Қирғизистон Сайлов ва референдумлар бўйича Марказий комиссия 6 октябрь куни 4 октябрда бўлиб ўтган Жогорку кенешга сайловларидаги овоз бериш натижаларини бекор қилди. Бу ҳақда МСК эълонига таяниб АКИpress агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, мазкур қарор МСК аъзолари йиғилишида қабул қилинган. МСК аъзоси Қайрат Осмоналиев агентликка изоҳ берар экан, қарор мамлакатдаги сиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинаётганини таъкидлади.

Аввалроқ мамлакатнинг минглаб аҳолиси бир кун олдин бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларидан норозилиги сабабли намойишларга чиққани ҳақида хабар берган эдик.

Кейинроқ намойишчилар парламент ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уйга бостириб кириб, уни эгаллаб олишди. Намойишчилар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига боришди. Хавфсизлик хизмати ходимлари билан музокаралардан сўнг улар собиқ президент Алмазбек Атамбаевни ўтган ёздан бери ҳибсда бўлган МХДҚ қамоқхонасидан озод қилишди. Атамбаев даврида ҳукуматни бошқарган собиқ бош вазир Сапар Исаков ҳам колониядан озод қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 4 октябрда Қирғизистонда Жогорку Кенеш депутатлари сайлови бўлиб ўтди. Дастлабки маълумотларга кўра, ўринлар учун курашган 16 партиядан атиги 4 таси парламентга кира олди. Аҳолининг сайловда иштирок этиш кўрсаткичи 56,2 фоизни ташкил этди.