Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланганидек, ушбу парламент сўрови фуқароларнинг турли давлат ташкилотларига юборган мурожаатлари асосида шакллантирилган.

Сенаторлар икки томонлама битимлар борлигига қарамай, фуқароларни ишга ташкилий тарзда жойлаштириш кўрсаткичлари пастлигича қолаётганини таъкидладилар. Масалан, 2019 йилда Россияда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва хусусий агентликлар томонидан ташкилий тарзда қабул қилиш орқали 1425 киши ишга жойлаштирилган.

Москва шаҳридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасининг маълумотларига кўра, Россияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган барча меҳнат мигрантларининг 25,4 фоизи тегишли патентни расмийлаштирмай ишламоқда. Яъни Россия қонунчилигига кўра ноқонуний фаолият олиб бормоқда.

Тартибсиз меҳнат миграциясининг мавжудлиги, меҳнат мигрантларининг жамиятга мослашуви паст даражадалиги билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмаганлиги, рус тилини, Россиянинг меҳнат ва миграция тўғрисидаги қонун ҳужжатларини суст даражада билиш фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашда кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Сенаторлар томонидан хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳукумат олдида турган устувор масалалар сирасига киришини таъкидлаб ўтилди.

Аввалроқ Сенатда ярим йиллик фаолият юзасидан ҳисобот берган ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов хориждаги меҳнат мигрантлари ҳимояси борасида камчиликлар борлигини тан олар экан, биргина Москва округидаги консулхонада 4 нафар ходим 1,7 млн кишига хизмат кўрсатаётганини таъкидлаган эди. ТИВ раҳбари бу каби муаммоларни ҳал қилишда парламент билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, мигрантларга ёрдам бериш бўйича кенг кўламли давлат дастури бўлиши кераклигига ҳам эътибор қаратди.