Айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 342 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Охирги тасдиқланганларнинг барчаси стационар шароитида карантинга олинган фуқаролар орасидан аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, якшанба куни COVID-19 аниқланган жами ҳолатлар сони аввалига 32 тага ортиб 298 тага, сўнгра 12 тага ошиб, 310 тага етгани хабар қилинди.

Шундай қилиб, 5 апрель куни мамлакатда коронавирус инфекцияси жами 76 кишида тасдиқланди. Бу — Ўзбекистонда янги турдаги коронавирус инфекцияси илк бор тасдиқланган 15 мартдан буён кунлик энг кўп ўсиш демакдир. Бунга қадар 29 март куни жами 40 кишида COVID-19 аниқланган эди.

Шу билан биргаликда, ушбу касалликдан бутунлай соғайганлар сони 30 нафарни ташкил этмоқда. Икки киши эса ҳаётдан кўз юмди. Бундан ташқари, хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари орасида ҳам ўлим ҳолатлари қайд этилмоқда. Хусусан, 5 апрель куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида икки ватандошнинг ушбу инфекциядан вафот этгани хабар қилинди.