Президент Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Ўзбекистон солиқ сиёсатини такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади, дея хабар қилди «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси. Фармон билан 1 окятбрдан қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилади.

Ҳукуматга 2020 йилги давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда қўшилган қиймат солиғини ҳисоб-китоб қилиш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибларини бекор қилиш, дивидент шаклида тўланаётган даромад солиғи ставкаларини 15 фоиз миқдорида сақлаб қолган ҳолда юридик шахслар даромад солиғининг базавий ставкаси ўрнатилишини ҳисобга олиш топширилди.

Бундан ташқари, давлат корхоналари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар учун ягона ижтимоий тўловни 25 фоиздан 12 фоизга тушириш кўзда тутилмоқда.

1 октябрдан аввал Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказиб келинган ягона солиқ тўлови Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказила бошланади.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 сентябрда ҚҚС ставкасини пасайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишни топширган эди. Кейинги куни эса Молия вазирлиги ҚҚС ставкасини пасайтириш давлат бюджетига тушумларни йилига 10 трлн сўм ёки ЯИМнинг 2 фоизи миқдорида камайишига олиб келишини маълум қилди.