Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг 31 мартдаги буйруғи билан автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини (ярим тиркамаларини) давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўлов ставкалари оширилиши тасдиқланди.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати 30 март куни «Электромобиль ҳайдаш энди янада фойдали бўлади» сарлавҳаси остида ставкалар ўзгариши ҳақида хабар берди, бироқ ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиб ўтмади.

Ҳозирда барча автомобиллар ва тиркамаларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи — 34 минг сўм олинмоқда.

1 апрелдан электромобиллар, мототранспорт воситалари ва тиркамаларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар ставкаси 15 бараварга — 1,5 БҲМгача ёки 510 минг сўмгача оширилади. Қолган барча автомобиллар бўйича ставка 68,4 бараварга ошиб, 6,84 БҲМ ёки 2,32 млн сўмни ташкил этади.

Беш ой аввал, 1 ноябрдан бошлаб автомобилларга давлат рақамини бериш ставкаси 2,3 бараварга ошганди — 3,5 БҲМ (1,15 млн сўм)гача. Мототранспорт воситаларига давлат рақамларини бериш ва давлат рақамларини алмаштириш учун йиғим ҳам оширилди.

Бироқ нарх ошиши ҳақида 10 август куни, яъни 2 ой 20 кун олдин хабар берилганди. Бу сафар буйруқ тўловлар ошишидан бир кун олдин қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг апрель-декабрь ойларида 1 млн 340 минг дона автомобиль олди-сотдиси қайд этилган бўлиб, бюджетга 45,5 млрд сўмдан зиёд даромад келтирган. Худди шу суръат сақланиб қолса, 2024 йилнинг қолган ойларида даромадлар 3 трлн сўмдан ошади.