Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг 2023 йил 10 августдаги буйруғи асосида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш, яроқсиз ҳолга келган, шикастланган ёки бузилганлари ўрнига янги рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини беришда ундириладиган тўловлар ставкаларига ўзгартириш киритилди. Бу маълумотни «Газета.uz»га ИИВ матбуот хизмати тасдиқлади.

Хусусан, 1 ноябрдан қуйидаги миқдордаги тўловлар кучга киради:

  • автотранспорт воситаларига рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари (РЎДРБ) учун — базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 3,5 баравари миқдорида;
  • мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва тиркамаларга (ярим тиркамалар) рақамлар учун — БҲМнинг 1,75 баравари миқдорида;
  • транзит рақамлар учун — БҲМнинг 25 фоизи миқдорида;
  • яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган бир жуфт рақамлар ўрнига янги рақамлар бериш учун — БҲМнинг 3,5 баравари миқдорида;
  • яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган бир дона рақам ўрнига янги рақам бериш учун — БҲМнинг 1,75 баравари миқдорида.

Шунингдек, йўқотилган бир дона ёки бир жуфт рақамлар ўрнига янги бир жуфт рақамлар бериш учун БҲМнинг 3,5 баравари миқдорида ундирилади. Йўқотилган бир дона рақам (мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва тиркамалар (ярим тиркамалар) учун) ўрнига янги бир дона рақам бериш учун эса БҲМнинг 1,75 баравари миқдори ундирилади.

РЎДРБни ўн икки ой муддатдан сўнг яна бир йил муддатга сақлаганлик учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида ундирилади. Меҳнат органлари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёзли шартларда тақдим қилинган транспорт воситасига рақам бериш учун тўлов ундирилмайди.

Ҳозирда БҲМ — 330 минг сўмни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, охирги марта давлат рақами белгиларини бериш учун тўлов миқдорлари 2011 йилда белгиланган ва шундан буён ўзгармаганди.