2023 йилда Ўзбекистон Россия табиий газини 1000 куб метри учун 160 доллардан сотиб олди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» Россия газ бозорларини диверсификация қилиш ҳақидаги мақоласида ёзди.

Ўзбекистон 2023 йил 7 октябрдан Қозоғистон орқали Россия газини импорт қилишни бошлади. UzGasTrade ва «Газпром» ўртасидаги келишувга кўра, кунлик етказиб бериш ҳажми 9 млн кубометрни, йиллик ҳажм эса 2,8 млрд куб метрни ташкил қилади. Ушбу ҳажм тахминан 448 млн долларга тушади.

Аввалроқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов Россиянинг барча гази ички бозорга йўналтирилишини маълум қилганди, бунда давлат корхоналари ва бюджет ташкилотлари учун тариф 1 октябрдан бошлаб 1000 сўмга, юридик шахслар учун эса 900 сўмга кўтарилганди. Аҳоли учун тариф 2019 йилдан бери ўзгаришсиз қолмоқда — 330 сўм.

«Коммерсантъ» маълумотларига кўра, Ўзбекистонга етказиб берилаётган маҳсулот нархи Туркияга (1000 куб метр учун тахминан 270−280 доллар) ва Хитойга (260−270 доллар) ўртача сотув нархидан анча паст. Шунга қарамай, жорий нарх «Газпром»га 1000 куб метрдан 20−22 доллар фойда олиш имконини беради, дея қайд этган Энергетика ва молия институти вакили Сергей Кондратьев.

Россия газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзитини 2026 йилдан бошлаб жорий 3 млрд куб метрдан йилига 11 млрд куб метргача ошириш режалаштирилмоқда, дея хабар берди «ТАСС» Қозоғистон энергетика вазирлигига таяниб.

Сергей Кондратьевнинг фикрича, маҳаллий газ қазиб олиш ҳажмининг қисқариши фонида Ўзбекистонга Хитойга экспорт шартномаси шартларини бажариш учун 11 млрд куб метр ҳажм етарли бўлади (10 млрд куб метр экани айтилмоқда).

«Менимча, Ўзбекистон 2030 йилга бориб Хитойга 5−6 млрд куб метр газ экспорт қилиши учун импортни 15−18 млрд куб метрга етказиши керак. Албатта, бу ҳолатда гап нафақат Россиядан етказиб бериш, балки Туркманистондан импорт ҳажмини ошириш ҳақида ҳам кетмоқда», — деган эксперт.

«Газпром» раҳбари Алексей Миллернинг айтишича, 2024 йил ўрталарига қадар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон 15 йил давомида газ етказиб бериш ва транзит бўйича ҳамкорлик мажбуриятларини белгилашни режалаштирмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ҳукумати «шимолдан» газ импорти ҳажмини ошириш учун магистрал газ тизимини 500 млн долларга модернизация қилмоқчи. Ҳозирда Ўзбекистон бу йўналиш орқали Россия газини олмоқда. Етказиб бериш ҳажмини кунига 9 млн кубометрдан 32 млн куб метргача ошириш режалаштирилган.

Яқинда Жаҳон банки Марказий Осиё давлатларида тез орада газ талаби ва таклифи ўртасидаги номутаносиблик кучайиб бориши мумкинлигидан огоҳлантирганди.