Қозоғистон Энергетика вазирлиги Россия газининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит ҳажмини 2026 йилдан бошлаб аввалроқ режалаштирилган йилига 3 мрлд куб метрдан 11 млрд куб метргача оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлигидаги манбаларига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Аввалроқ «Ўзтрансгаз» компанияси «шимол»дан табиий газ импорти ҳажмини ошириш мақсадида магистраль газ тизимини модернизация қилиш дастурини амалга ошириш ниятида экани хабар қилинганди. Бу Ўзбекистоннинг 2024 йил биринчи чорагига мўлжалланган инвестисия дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарорида назарда тутилган.

Ўзбекистон 2023 йил 7 октябрдан бошлаб шимолий йўналишда, яъни Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали газ импорт қилишни бошлаганди.

Биринчи босқичда 2024−2030 йилларда мазкур дастурни амалга ошириш учун 500 млн доллар ажратиш режалаштирилган. Бунинг ҳисобига етказиб бериш ҳажмини суткасига 32 млн куб метргача ошириш кўзда тутилган (Россиянинг «Газпром» компанияси билан амалдаги келишувга кўра, кунига 9 млн куб метр, йилига 2,8 млрд куб метр ҳажм келишилганди, декабрь ойида эса бу ҳажм икки бараварга оширилган).

Бундан ташқари, «Газли» газ омбори сақлаш ҳажмини икки босқичда ошириш режалаштирилмоқда. Унга кўра, 2020 йилдан 2025 йил охиригача — кон-қидирув ишлари ҳисобига «Газли» иншоотида газ сақлаш ҳажмини икки баробарга — 3 млрд куб метрдан 6 млрд куб метргача етказилади. Иккинчи босқичда газ омборини якунлаш ва кенгайтириш ҳисобига сиғим 10 млрд куб метргача оширилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 850 млн АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Шунингдек, ўтган йилнинг ноябрь ойида «Газпром» раҳбари Алексей Миллер Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон 2024 йил ўрталарига қадар 15 йилга газ етказиб бериш ва транзит бўйича ҳамкорлик мажбуриятлари тўғрисида келишиб олишни режалаштираётганини айтганди.