Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россиядан Ўзбекистонга Қозоғистон ҳудуди орқали «Марказий Осиё — Марказ» газ қувури бўйича газ етказиб бериш йўлга қўйилганига муносабат билдирди.

«Албатта, бу тарихий сана… Чунки шу вақтгача биз ҳозир турган жойимиздан Россияга газ етказиб берилган. Бундай қисқа вақт ичида биринчи марта газ ўлчаш қурилмаси [Қорақалпоғистондаги „Бейнов“ станцияси] қурилиб, нолдан фойдаланишга топширилди. Бугундан (7 октябрь — таҳр.) Россиядан газ қабул қилишни бошладик», — деди у («Ўзбекистон 24» телеканали иқтибоси).

7 октябрь куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия президентлари Россия газини Ўзбекистонга етказиб беришни бошлади. Шавкат Мирзиёев мазкур газ транспорт йўлагининг ишга туширилиши стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади. «Биринчидан, бу мамлакатимиз ва бутун минтақамизнинг энергетик хавфсизлиги, „мовий ёқилғи“ билан ишончли ва кафолатли таъминланишида муҳим омил бўлмоқда. Иккинчидан, бу иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини углерод билан узлуксиз таъминлаш учун қўшимча газ ҳажмидир», — деди у.

Узоқ муддатли ҳамкорлик доирасида Россиядан табиий газ етказиб бериш Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши, аҳоли ва энергия ресурсларига бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда куз-қиш мавсумида газ дефицитининг бир қисмини таъминлаб беради, дея қайд этди энергетика вазири.

«Президентимизнинг [Россияга] расмий ташрифи доирасида биз ва „Газпром“ газ етказиб бериш бўйича ўрта ва узоқ муддатли шартномалар бўйича музокараларни бошладик», — деди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Июнь ойида Ўзбекистон ҳукумати ва «Газпром» ўртасида Россия газини мамлакатга етказиб бериш бўйича келишув, шунингдек, ёқилғи қабул қилиш ва ташиш учун газ ташиш тизимини тайёрлаш бўйича йўл харитаси имзоланганди. Кейинроқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги келишув икки йилга тузилгани, етказиб бериш ҳажми кунига 9 миллион куб метрни, йиллик ҳажми деярли 2,8 миллиард куб метрни ташкил этишини маълум қилган.

Жўрабек Мирзамаҳмудов сентябрь ойида «Газета.uz»га берган интервьюсида Россия ва Туркманистондан етказиб бериладиган газнинг бутун ҳажми ички бозорга жўнатилишини таъкидлаганди. Аввалроқ «ТАСС» Россия энергетикани ривожлантириш маркази ҳисоботига таяниб, «Газпром» Хитойга Марказий Осиё орқали газ етказиб бериш ҳажмини йилига 20 миллиард куб метргача ошириши имумкинлигини хабар қилганди.