Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон 2024 йил ўрталарига қадар газ етказиб бериш ва транзит бўйича ҳамкорлик соҳасидаги мажбуриятларни белгилашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Санкт-Петербург халқаро газ форумида «Газпром» компанияси бошқаруви раиси Алексей Миллер маълум қилди.

«Биз Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистондаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик горизонтини белгилаб олдик — 15 йил… Жорий форумимиз майдончасида бўлиб ўтган ёки бўлиб ўтадиган учрашувлар, музокаралар 2024 йилнинг ўрталарига қадар Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан 15 йилга мўлжалланган ҳамкорликнинг қонуний кучга эга бўлган шартномавий асосларини яратиш мақсадида меморандумлар имзолашдан иборат», — деди у.

Миллернинг сўзларига кўра, «Газпром» Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан барча мумкин бўлган соҳалар, жумладан, нефть саноати ва газни қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик доирасини кенгайтирмоқда.

Компания «Марказий Осиё — Марказ» (МОМ) магистрал газ қувури тизимидан ташқари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги бошқа газ қувурлари тизимларидан, шунингдек, ушбу мамлакатларга газ етказиб беришда ҳам транзит учун ҳам янги йўналишлардан фойдаланишга тайёр.

У Россиядан Ўзбекистонга тескари МОМ орқали газ етказиб бериш бошланганини эслатиб, «гап Россия газини етказиб беришни янада кенгайтириш, Қозоғистонда газ қувурлари тизими орқали газ ташиш қувватларини кенгайтириш ҳақида кетаётганини» таъкидлади.

«Аммо шуни таъкидлашни истардимки, бу нафақат транзит салоҳиятига тааллуқли, балки биз ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан транзит салоҳияти ҳақида ҳам гапиряпмиз, бу тўғридан-тўғри Россия газини ушбу мамлакатлар истеъмолчиларига етказиб беришга ҳам тааллуқлидир», — деди Миллер.

«Россия ва Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон учун ҳам долзарб бўлган бир қанча мавзулар, хусусан, газлаштириш масаласи кўтарилди. Ва энди биз ўзимизга савол берамиз: ушбу мамлакатларда газлаштиришнинг бир қисми сифатида ҳамкорлик қила оламизми? 2014 йилдан буён Қирғизистонда мавжуд бўлган бу имкониятлар Ўзбекистонга қўшимча ҳажмда етказиб беришни англатади, лекин Қозоғистон билан ҳам жуда узоқ чегарамиз бор. МОМ тизими эса газ ташиш коридорларидан фақат биттаси. Шунингдек, Бухоро-Урал газ қувури ҳам бор, у ҳам Ўзбекистон ҳудудига боради», — деди «Газпром» раҳбари.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, мамлакат Россия билан газ етказиб бериш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Унинг аниқлик киритишича, Ўзбекистон томони «Газпром» ва Қозоғистон мутахассислари билан газ бўйича ҳамкорликни давом эттириш ишларини олиб бормоқда.

«Икки ярим ой — қисқа вақт ичида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди, аммо таъминотни янада ошириш учун биз янада кўпроқ ишлашимиз керак. Шунинг учун бу йўналишда узоқ муддатли ҳамкорликка эътибор қаратмоқдамиз», — дея қўшимча қилди у.

Ўзбекистон 7 октябрдан куз-қиш мавсумида республикадаги «мовий ёқилғи» тақчиллигининг бир қисмини қоплаш учун Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга газ етказишни бошлади. Икки йиллик шартнома йилига 2,8 млрд куб метр газ етказишни назарда тутади.