Gazli Gas Storage «Оммавий ахборот воситаларининг компаниянинг яширин иштирокчилари ҳақидаги асоссиз ва туҳматли баёнотлари»га жавобан баёнот берди.

Аввалроқ «Газета.uz» Россиянинг «Форус» компанияси Ўзбекистондаги энг йирик газ омбори «Газли»ни бошқарадиган Gazli Gas Storage қўшма корхонасининг назорат улушини (60 фоиз) Гонконгдаги Daxon Holdings компаниясига ўтказгани ҳақида хабар берганди. Таҳририят Интернетда Daxon Holdings ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот йўқлигини қайд этганди.

2023 йил август ойида «Досье» маркази «Форус»нинг эгаларидан бири бизнесмен Геннадий Тимченконинг бизнес шериги Иван Егоров бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди (2022 йил март ойида у Европа Иттифоқи санкцияларига учраганди, ОАВ (шу жумладан Forbes) уни «Россия президенти Владимир Путиннинг дўсти» деб атаганди). Журналистлар газ конини ривожлантириш лойиҳаси қуйидаги тарзда молиялаштириши мумкинлигини тахмин қилишганди: Gazli Gas Storage пулни «Форус»дан, «Форус» Егоровдан, Егоров эса Тимченкога яқин тузилмалар томонидан молиялаштириладиган «Веста» компаниясидан олади.

Яқинда «Озодлик» радиоси корпоратив ҳужжатларга таяниб, Daxon Holdings`га учта компанияга эгалик қилиши ҳақида хабар берди: Kenfame Limited (таъсисчиси Иван Егоров, у ўз улушини ўзбекистонлик тадбиркор Бахтиёр Фазиловга ўтказгани айтилмоқда), Denmount Limited (таъсисчиси Бахтиёр Фазилов экани айтилмоқда) ва Sunworth Limited (таъсисчиси — Санжар Самиев, Бахтиёр Фазиловнинг Eriell компаниясида ишлаган).

Gazli Gas Storage бунга жавобан 2023 йил октябрь ойида аввал «Форус»га тегишли бўлган улуш Гонконгда рўйхатдан ўтган Daxon Holdings Limited компаниясига ўтишини назарда тутувчи корпоратив реструктуризация якунига етганини хабар қилди.

«Бахтиёр Фазилов реструктуризациядан кейин ҳам, аввал бўлгани каби асосий бенефициар бўлиб қолмоқда. „Gazli Gas Storage“ МЧЖ ҳеч қачон санксиялар остидаги шахсларга тегишли бўлмаган», — дейилади хабарда.

Гонконгга релокация тўғрисидаги қарор «бизнеснинг катта ҳажми хитойлик компаниялар билан экани туфайли» қабул қилинди, деди компания.

«Гонконгда юридик рўйхатдан ўтиш ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва қўшимча молиялаштиришни жалб этиш, бизнесни кейинчалик ривожлантириш учун ускуналар сотиб олишни осонлаштиради. Бундан ташқари, қайта ташкил этиш эгалик тузилмасини соддалаштиради ҳамда уни халқаро инвесторлар ва контрагентлар учун шаффоф ва мақбул қилади», — дейилади баёнотда.

Gazli Gas Storage «Газли» омборининг оператори сифатида ҳозирда газ сақлаш ҳажмини уч баробарга — 3 мрлддан 10 млрд куб метргача ошириш устида ишламоқда.

— Хорижий инвесторларнинг 310 млн долларлик сармояси аллақачон ўз самарасини берди: газ омборининг сиғими 50 фоизга оширилиб, 4,5 млрд куб метрга етди. Дастлабки уч йилда нефть қазиб олиш базавий режага нисбатан 25−30 фоизга ортди, натижада 47 минг тонна нефть қазиб олинди, газ қазиб олиш эса 550 млн куб метрга етди, бу эса ўз навбатида Ўзбекистон ички бозорини тўлдиришга хизмат қилмоқда. Лойиҳа шунингдек, бандлик имкониятларини кенгайтирди, шу кунга қадар 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди ва яна 100 та иш ўрни яратиш режалаштирилган", — дейилади хабарда.

Баёнотда айтилишича, Gazli Gas Storage компаниясининг асосий вазифаси «Газли» конининг газ горизонтлари ва нефть қатламларини қўшимча қидириш ва қўшимча ишлаб чиқиш билан комплекс равишда кон мажмуасидаги ер ости газ омбори газ сақлаш ҳажмларини оширишдан иборат.

Шунингдек, компания ўз раҳбарларининг рўйхатини тақдим этди: Бош директор — Отабек Акбаралиевич Жабриев, бош директорнинг биринчи ўринбосари ва бош муҳандис — Махаматхожа Хабибуллаевич Сайдазимов ва бош директорнинг молиявий масалалар бўйича ўринбосари — Ирина Анатольевна Братухина.