Ўзбекистондаги энг йирик «Газли» ерости газ омборига эгалик қилувчи Gazli Gas Storage қўшма корхонаси таъсисчиси ўзгарди. «Газета.uz» бу 2024 йилнинг биринчи чорагида инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарорида қайд этилганига эътибор қаратди.

Газли газ омбори 2018 йил октябрь ойида ташкил этилган. Ўша йилнинг май ойида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида «Ўзбекнефтгаз» ва Россиянинг «Форус» компанияси (2017 йилда рўйхатдан ўтган) ўртасида келишувга эришилганди.

60 фоиз назорат пакетига (40 фоизи «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзтрансгаз»га тегишли) эгалик қилган «Форус» ўз улушини Гонконгнинг Daxon Holdings Limited компаниясига топширди, бироқ 2019 йил июль ойида рўйхатдан ўтган бу компания ҳақида интернетда деярли ҳеч қандай маълумот йўқ. Хусусан, компаниянинг профили, таъсисчилари ва нефть-газ соҳасидаги тажрибаси бўйича маълумот мавжуд эмас. Шу каби номларга эга бўлган компанияларни Кипр ва Буюк Британиядан ҳам топиш мумкин.

Gazli Gas Storage лойиҳаси ҳақида

«Газли» газ омбори Ўзбекистон газ транспорти тизимининг қоқ марказида — Қозоғистон, Туркманистон, Россия ва Хитойга йўналган қувурлар чорраҳасида жойлашган.

Gazli Gas Storage қўшма корхонаси бош муҳандиси Мухаммад Саидазимов аввалроқ лойиҳанинг биринчи босқичида — 2020 йилдан 2025 йил охиригача — конларни аниқлаш натижасида «Газли» омборидаги газ сақлаш ҳажмини икки баробарга — 3 дан 6 миллиард куб метргача ошириш режалаштирилгани ҳақида маълум қилганди.

Иккинчи босқичда қайта ишлаш ва газ омборини кенгайтириш ҳисобига газ сиғимини 10 млрд куб метрга етказиш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 850 млн долларга баҳоланган.

Инвестиция дастурига кўра, лойиҳанинг биринчи босқичи қиймати 558 млн долларга баҳоланаётган бўлиб, шундан 268,7 млн доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобланади. Лойиҳа доирасида Газли газ ва нефть конларида якуний босқичда фойдаланиш учун қўшимча геологик қидирув ишларини олиб бориш ҳам режалаштирилган. Йилига қўшимча 1,1 млрд куб метр газ ва 114 минг тонна нефть қазиб олиш режалаштирилмоқда.

2025 йилга бориб, бюджетга солиқ тўловлари ҳажми йилига 580 млрд сўм даромад даражасида 60 млрд сўмга етиши кутилмоқда. Лойиҳанинг ишлаб чиқариш қуввати кунига 28−30 млн куб метр газни ташкил қилади.

Лойиҳа ҳақида саволлар

2017 йилда Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз»га газ омборининг сақлаш ҳажмини 3 баробардан кўпроққа — 3 млрд кубометрдан 10 млрд куб метргача ошириш бўйича таклиф тайёрлаш топшириғини берганди. Ўшанда лойиҳанинг умумий қиймати 1 млрд долларга баҳоланган.

2019 йил ноябрь ойида президент ташаббуси билан тузилган ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ саноати ҳолати тўғрисида»ги ҳисоботда («Газета.uz»да мавжуд, муаллифлардан бири таҳририятга ҳужжат ҳақиқийлигини тасдиқлаган) Газли ерости газ омбори ҳажмини ошириш нима учун кераклиги лойиҳанинг техник-иқтисодий асосида тушунтирилмагани қайд этилган. Ҳужжатга кўра, ишлар бошлангунга қадар ҳам омборнинг тўлганлик даражаси 55 фоизни ташкил этган, холос. Шунингдек, ҳужжатда мамлакатда газ тақчиллиги ва қазиб олишнинг қисқариши кузатилаётгани айтилади.

Ҳисоботда «Форус» компанияси танқидий жумлалар билан эсланган: «„Форус“ АЖнинг келиб чиқиши, унинг фаолияти ва устав капитали миқдори (10 минг рубль ёки 155 доллар) шубҳали, у ташкил этилганидан бери молиявий фаолият билан шуғулланмаган (икки йил давомида маблағлар оқими 3000 рубль ёки 46 доллар), бундай лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси йўқ. „Форус“ АЖ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ўрнига Gazli Gas Storage ҚК мажбуриятлари асосида 850 млн доллар миқдорида кредит олишни режалаштирмоқда».

Бундан ташқари, ҳужжатда лойиҳанинг молиявий кўрсаткичлари ўта қониқарсиз (RR — 5 фоиз), салбий NPV ва юқори капитал харажатлари харажатларни синчковлик билан ўрганиш ва асослашни талаб қилиши таъкидланган.

«„Форус“ АЖ ушбу активга эгалик қилиш билан табиий газни қазиб олиш учун компанияларни мустақил танлаш ва кўрсатилаётган хизматлар учун тарифларни мустақил белгилаш орқали мамлакатнинг табиий газни сақлаш бўйича энергия балансига таъсир кўрсатиш имконига эга бўлади», — дея огоҳлантирган ҳисобот муаллифлари.

2023 йил август ойида «Досье» маркази ўз суриштирувида «Форус»нинг эгаларидан бири бизнесмен Геннадий Тимченконинг (2022 йил март ойида ЕИ санкцияларига учраган) бизнес шериги Иван Егоров бўлиши мумкинлигини маълум қилганди. Журналистлар газ конини ривожлантириш лойиҳасини қуйидаги тарзда молиялаштирилиши мумкинлигини тахмин қилишган: Gazli Gas Storage пулни «Форус»дан, «Форус» Егоровдан, Егоров эса Тимченкога яқин тузилмалар томонидан молиялаштириладиган «Веста» компаниясидан олади.

Ўтган йилнинг 7 октябридан Ўзбекистон UzGasTrade ва «Газпром» тузган келишувига кўра, Қозоғистон орқали Россия газини олишни бошлади. Шартнома йилига 2,8 млрд куб метр (кунига 9 млн куб метргача) газ етказиб беришни назарда тутади.

2024 йилнинг биринчи чораги учун инвестиция дастурига кўра, Ўзбекистон ҳукумати «шимолдан» газ импорти ҳажмини ошириш учун магистраль газ тизимини 500 млн долларга модернизация қилмоқчи. Етказиб бериш ҳажмини кунига 32 млн куб метрга етказиш режалаштирилган.