Бухорода шаҳарнинг тарихий қисми ва буфер зонаси билан чегарадош «Боқий Бухоро» этнографик сайёҳлик маркази қурилиши туфайли бир қатор давлат объектлари бузилиши бошланди.

Аввал хабар берганимиздек, қиймати 470 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш мақсадида 2002 йилда қурилган «Бухоро арена» спорт мажмуаси ва футбол стадионини бузиш ишлари бошланганди. Тарқалган видеоларда ишчиларнинг стадиондаги ўриндиқларни бузаётгани акс этган.

«Потребитель Бухара» Telegram канали объектни бузиш жараёнида меъёрий талабларга риоя қилинганми ёки йўқлигини сўради. Чунки, қурилиш нормалари ва қоидаларига кўра, бино ва иншоотларни бузишда буюртмачи фойдаланилган қурилиш материалларини сақлаб қолиш ва улардан самарали фойдаланиш чораларини кўриши шарт.

«Нега бузиб ташлаш ваҳшийларча амалга оширилмоқда? Давлат қурилиш ва молиявий назорати қаерда? Бу давлатга молиявий ҳамда спортга бевосита зарар. Бутун стадион, шу жумладан, барча қурилиш тузилмалари хавфли деб эълон қилинганми? Ундан кейин қайта фойдаланиш мумкин эмасми? Ёки улар кейин хавфли деб эълон қилиниб, яширин сотиладими? Бухоро шаҳри ва туманларида турли стадион ва спорт майдончалари мавжуд. Когонда кўп йиллардан бери стадион қура олишмаяпти. Бу ерда „Бухоро“ марказий стадионининг қурилиш конструкцияларидан фойдаланиш мумкин. Нега бу масалалар устида ҳеч ким ишламаяпти? Нега Спорт вазирлигидан назорат йўқ?» — деб савол қўйди «Потребитель Бухара» канали.

Канал муаллифи катта мақоласида спорт мажмуаси жиҳозларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифларини билдириб ўтди.

Спорт мажмуаси ва стадионнинг бузилишидан олдинги ҳолати. Сурат: Станислав Чудин.

Ўтган йилнинг январь ойида мажмуа спортчилари ва мураббийлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, иншоотни сақлаб қолишни сўраганди. Уларга кўра, ҳар куни 1200 нафар бола муассасага қатнаган, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари бу ерда нормативларни топширган. Бундан ташқари, стадионда енгил атлетикачилар ва паралимпиячилар машғулотлар олиб борган.

Ишчилар Бухоро ҳокимлиги биносини ҳам бузишга киришди. Alerte Héritage маданий мерос обсерваторияси аввалроқ 1970 йилда қурилган (бухоролик архитектор Зоиршо Қличевнинг сўзларига кўра) бу жойнинг бузилишидан хавотир билдирган.

Шунингдек, Бухоро вилояти ҳокимлигининг 1980-йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон меъмори Ричард Блез лойиҳаси бўйича барпо этилган, «меъморнинг сақланиб қолган саноқли асарларидан бири бўлиб қолаётган, бино қурилган давр учун аутентик (ноёб) кўринишдаги» биноси ҳам бузилади.

«Блезнинг бошқа асарлари тубдан қайта қурилган ёки асл кўринишининг бир қисмини йўқотган», — дея таъкидлади ташкилот.

Alerte Héritage`га кўра, Блез биносини ўз ичига олган ЮНЕСКОнинг буфер зонасини ҳар қандай қайта қуриш «уни сақлаб қолиш ва атрофдаги биноларга ҳурмат билан қарашни ўз ичига олиши керак».

Мотамсаро она ҳайкали Бухоро шаҳридаги Хотира ва қадрлаш майдонидан олиб кетилди, у 2019 йилда Сомонийлар боғидан бу ерга қайтарилганди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ёдгорлик Когон шаҳридаги боғга кўчирилади.

«Потребитель Бухара» канали 2020−2021 йилларда вилоятда ягона бўлган, замонавий жиҳозлар билан таъминланган ва тўлиқ реконструкция қилинган Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаби бузиб ташлангани ҳақида ҳам хабар берди. Қайд этилишича, ўқитувчилар ва талабалар собиқ Бухоро пахта комбинатининг эски ётоқхонасига кўчирилган.

«Болалар тумандан келиб ўқишади. Ётоқхона ҳам шу ерда. Ўқувчилар қандай қилиб бу шароитда ўқиши мумкин? Қолаверса, ўқитувчилар бу шароитда қандай дарс ўтишади? Ахир бу бинода одамлар яшайди. Санъат коллежи (мактаби) ХБК обшежитиясига олиб боришган. Бино сносда турибди. У ерда дарс ўтиб бўлмайди. Бино ичи зах. Шароит йўқ. Кейинги йил қабулга ўқувчи келмайди. Натижада 200 дан зиёд ўқитувчи ишсиз қолади. 400 та ўқувчи ёшларнинг хавфсизлигига ким жавоб беради. Ота-оналар шикоят қиляпти», — дея ўқувчиларнинг сўзларидан иқтибос келтирган телеканал.

Шунингдек, у ерда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Мамлакатимизда маданият ва саънат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди» деган сўзлари бино деворига ёзиб қўйилгани хабар қилинган.

Ҳокимлик матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, мактаб вақтинчалик ётоқхонага кўчирилган, келгусида у 2019 йилдан буён қурилиши давом этаётган Bukhara City мажмуасида жойлашади. 2023 йил январь ойида блогер Умид Гафуров ушбу мажмуа қурилишидан олинган видеони тақдим этганди. Унинг сўзларига кўра, қарийб 4 йил ўтиб, ташландиқдек кўринган ҳудудда меҳмонхона ва қурилиши тугалланмаган бир қанча уйлар мавжуд. Шаҳар ҳокимлиги савдо маркази ва бир қатор кўп қаватли уйлар қурилиши якунланганини маълум қилган.

Ҳокимлик объектларни бузиш, мактаблар ва ҳокимликларни Bukhara City`га кўчириш учун маблағ қандай сарфланяпти, деган саволга жавоб бера олмади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 2022 йил 26 декабрда имзолаган ҳукумат йиғилишининг баённомасида («Газета.uz»да нусхаси мавжуд) 29 та давлат объектини бошқа жойга кўчириш кўзда тутилган. Ҳужжатда, жумладан, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси, 2-мактаб, Бухоро давлат тиббиёт коллежи, маданият коллежи, «Бухоро Арена» стадиони, ФҲДЁ ва бошқа биноларни бошқа жойга кўчириш кўзда тутилган.

Ўтган йили аҳолининг эътирозларидан сўнг ҳокимлик лойиҳа бошқа жойга кўчирилишини маълум қилган бўлса-да, жорий йилнинг январь ойида лойиҳа аввалроқ режалаштирилган жойда амалга оширилиши маълум бўлди. Деярли барча иншоотлар, жумладан, стадион бузилади. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳрининг 6-микрорайони ҳудудида 20 минг ўринли янги марказий стадион бунёд этилишини маълум қилди.

Лойиҳа 2024−2026 йилларга мўлжалланган. Чет эллик инвестор сифатида Сингапурнинг номи тўлиқ бўлмаган (PTE Ltd) компанияси белгиланган. Аввалроқ лойиҳа пудратчиси сифатида Сингапурнинг Enter Engeneering PTE Ltd компанияси танланганди.

Ҳукумат қарори билан Бухоронинг тарихий қисми ва буфер зонаси билан чегарадош ҳудудларда қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилиши ҳисобга олиниб, лойиҳа концепциясини ЮНЕСКО билан келишиш топширилган. Бироқ ташкилот ҳали ўз хулосасини бермаганини маълум қилди.