31 январь куни Wyndham Bukhara меҳмонхонасининг анжуманлар залида Бухоро шаҳрида туристик марказ ташкил этишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги тадбир бошланишига 46 дақиқа қолганида тадбир ҳақида маълумот эълон қилди. Лойиҳа хусусида вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар тушунтиришлар берди. Ҳокимлик матбуот котиби жонли эфир ташкил этди.

Воқеалар хронологияси

2023 йил январь ойи бошида бухороликлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга шаҳар марказида сайёҳлик маркази қурилиши режаси юзасидан мурожаат қилганди.

Лойиҳа буюртмачиси сифатида Самарқандда худди шу марказни қураётган Enter Engineering компанияси танланган. 32,6 гектар майдонда мажмуа яратиш учун 29 та давлат объекти, жумладан, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри ҳокимликлари бинолари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси, Бухоро шаҳридаги 2-сонли мактаб бузилиши мумкин эди. Шунингдек, ула орасида давлат тиббиёт коллежи, Маданият коллежи, «Бухоро Арена» стадиони, ФҲДЁ ва бошқалар ҳам бўлган.

Бухоронинг тарихий қисми ва буфер зонаси билан чегарадош ҳудудларда қурилиш ва реконструксия ишлари олиб борилиши ҳисобга олиниб, лойиҳа концепциясини ЮНЕСКО билан келишиш тўғрисидаги ҳукумат қарори чиқарилган.

Кейинчалик расмийлар матбуот анжуманида лойиҳа ЮНЕСКО билан келишилгани ва «уни амалга ошириш учун бюджет маблағи сарфланмаслигини» айтган.

Ўшанда матбуот анжумани иштирокчиларидан бири бухороликлар «объект бузилгандан сўнг қурилишлар бўлишига» ишончини йўқотганини айтди. У ўрнида ҳеч нарса қурилмай ёки қурилиши жуда секин кетаётган «Bukhara City» лойиҳаси учун бузилган ёпиқ бозор ва заргарлик марказини мисол қилиб келтирган.

Alerte Heritage маданий мерос обсерваторияси Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти ҳокимликлари бинолари тақдири юзасидан хавотир билдирган (обсерватория вакилларининг таъкидлашича, ушбу бинолар «ялтироқ-алюкобонд қопламали ёки ўзига ўзи сохта тарихий пародия бўлиб қолиш хавфи остида» қолган).

Kun.uz нашрининг хабар беришича, туристик марказ қурилиши учун танланган ҳудуд Бухоронинг тарихий маркази буфер зонасида жойлашгани боис ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳани қўллаб-қувватламаган.

Ҳокимлик жамоатчилик ва фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда лойиҳани амалга ошириш учун бошқа ер участкалари танлаб олинишини маълум қилганди. Маъмурият, шунингдек, ЮНЕСКО хулосаси олингандан кейингина якуний қарор қабул қилиниши ва қурилиш ишлари бошланишига ишонтирганди.

Лойиҳа аввал қаерда режалаштирилган бўлса, ўша жойда амалга оширилади

туристик марказ, бухоро туристик маркази

Чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бухоро вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров 2030 йилга бориб туризм соҳасида 100 минг кишини иш билан таъминлаш режалаштирилаётгани, ҳозир эса бу борада ишлар амалга оширилаётганини маълум қилди. Келтирилишича, ҳозир ҳудуд инфратузилмаси етарли даражада эмас ва меҳмонхоналарда 14 мингта жой мавжуд, бу талабдан 10 баравар кам.

У Самарқанд шаҳрини мисол қилиб келтириб, у ерда сайёҳлик маркази барпо этилгани, шу туфайли ҳозирда йирик анжуманлар, форумлар ўтказилиб, машҳурлиги ортиб бораётганини айтди. Аҳамиятлиси, марказ шаҳар ташқарисида — эшкак эшиш канали қирғоғида қурилган.

Ҳоким ўринбосарининг сўзларига кўра, совет даврида қурилган бинолар (ҳокимлик бинолари ва бошқалар) билан Бухоронинг ўзига хос белгилари бўлган тарихий бинолар ўртасида «ўзаро мувофиқлик» йўқ, шунинг учун бу эски биноларни қайта таъмирлаш ва тарихий объектлар архитектураcига мослаштириш учун тўсқинлик қилмаслиги керак.

туристик марказ, бухоро туристик маркази

Шунингдек, расмийлар келгусида туристлар оқимининг ўсишини ҳисобга олган ҳолда «Бухоро» халқаро аэропортининг ўтказиш қобилиятини ошириш ва рейслар сонини 10−12 баробарга кўпайтиришни режалаштирмоқда. Шу мақсадда давлат-хусусий шериклик доирасида реконструкция қилиш режалаштирилган («Газета.uz»да мавжуд маълумотларга кўра, Eriell лойиҳада хусусий шерик бўлиши мумкин). Қайд этилишича, реконструкциянинг барча босқичлари хорижий инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилади.

Туристик марказ лойиҳаси дастлаб режалаштирилган ҳудудда — Бухоро шаҳри марказидаги 32,6 гектар майдонда амалга оширилиши режа қилинди. Бу ерда жойлашган давлат объектлари маъмурий марказ барпо этиладиган Bukhara city ҳудудига кўчирилади.

32,6 гектар ерни сотишдан тушган маблағлар ғазнанинг алоҳида ҳисоб рақамига тушади ва янги маъмурий марказ қурилишига йўналтирилади.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов сайёҳлик шаҳарчаси учун танланган ҳудуд сайёҳлар учун «энг қулай» жой эканини айтди.

«Бу жой сайёҳлар учун жуда яқин, [бир неча дақиқа ичида] пиёда айланиб юриш мумкин. Узукка кўз қўйгандек. Буни уч ойлаб ўйладик, республика миқёсидаги мутасаддилар, архитекторларнинг фикрини олдик. Биз яна 10 км наридан қуришимиз мумкин, лекин шаҳарда тирбандлик, буни яширмаймиз. Сайёҳ у ерга бошқа бормайман, дейди. Бу ерда меҳмонхоналар бор. Айланиб келиб, Арк, Сомонийлар қабри, кўл бор, Минорат Калон ёнида сайр қилиши, Абдуллахон мадрасасига бориб, кейин „колхоз бозори“, эски шаҳарни айланиб кўриши мумкин», — деди у.

Вилоят ҳокимининг сўзларига кўра, Франциядан ташриф буюрган туризм мутахассислари: «Агар сиз фақат ва фақат эски шаҳар яқинида мажмуа қурсангиз, ютасиз», — деган.

Ботир Зариповнинг ишонтиришича, ҳудуддаги хусусий объектлар унинг эгалари билан тўлов миқдори келишилганидан кейингина бузилади.

Бухоронинг туристик марказида нима бўлади?

туристик марказ, бухоро туристик маркази

Вилоят бош архитектори Зухриддин Мухиддинов Бухоро шаҳри марказидаги Жалол Икромий, Ҳамза ва Академик Иброҳим Мўминов кўчалари чорраҳасида 32,6 гектар майдонда бунёд этиладиган этнографик сайёҳлик маркази лойиҳаси ҳақида гапирди.

Мажмуанинг асосий бинолари 800 хонали тўртта беш юлдузли меҳмонхона бўлади. Мажмуанинг асосий қисмида кўп функцияли Бухоро миллий-маданий маркази жойлашиши мумкин. Ушбу ёпиқ бинода конгресслар, ипак ва зираворлар фестивалларини ўтказиш режалаштирилган.

«Муассаса марказида „Боқий Бухоро“ мажмуаси бўлиб, унда асосан ҳунармандчилик устахоналари жойлашади. Марказда Лаби Ҳовуз мажмуаси бўлади, сув меҳмонларни ўзига жалб қилади. Марказда мусиқали фаввора, унинг атрофида кафе ва ресторанлар жойлашади. Яшил майдонлар мажмуамиз умумий майдонининг 70 фоизини (23 гектар) ташкил қилади. Шунингдек, 1,5 гектар боғ барпо этилади», — деди у.

Мажмуанинг шарқий ва жанубий томондан дарвозалари бўлади. Дарвоза эски шаҳарнинг ташқи қисмига ҳам ўрнатилади, деди меъмор.

Анжуманда бўлажак сайёҳлик маркази ҳудудида жойлашган 2-мактаб тиббиёт институти биносига кўчирилгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, «Бухоро» стадионини сақлаб қолиш илтимоси билан президентга мурожаат қилганлар орасида стадионда ишлайдиган мураббий ва мутахассислар ҳам бор эди. «Потрибетель Бухара» журналисти Учқун Турсуновнинг хабар беришича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уларни матбуот анжуманига қўймаган.

туристик марказ, бухоро туристик маркази

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳрининг 6-микротуман ҳудудида 20 минг ўринли янги марказий стадион бунёд этилишини маълум қилди. Унга кўра, автотураргоҳлар учун 5−6 гектар ер ажратилади.

«Қолган қисмида стадионга уланган кичик футбол майдончалари бўлади, стадионга тўрт томондан кириш мумкин бўлади», — дейди бош архитектор.

Халқлар дўстлиги кўчасида вилоят футбол академияси қурилмоқда. Бунинг учун 70 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, 5000 томошабинга мўлжалланган трибуна ва 200 ўринли ётоқхона ҳам қурилади.

Зухриддин Мухиддинов. Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги.Зухриддин Мухиддинов. Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги.

Бош архитектор Зухриддин Мухиддинов янги стадионнинг сиғими 25 минг томошабинга мўлжалланганини айтди.

«Атрофида автотураргоҳлар ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади. 28-болалар ва ўсмирлар футбол мактаби негизида Бухоро футбол академияси қурилади. Бу жорий йилда амалга оширилади. Бухоро спорт мажмуаси эскирган, устки балкони яроқсиз ҳолга келган. Деворларда ёриқлар пайдо бўлди. Катта ҳажмдаги томошабинларни жойлаштириш хавф туғдиради», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, янги стадион лойиҳасида конференция заллари, спорт-соғломлаштириш комплекслари бўлади, ижтимоий имконияти чекланганлар учун имконият яратилади. Стадион «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғи қурилаётан 50 гектар майдонда жойлашади.

Нега туристик марказ Самарқанддагидек шаҳар ташқарисида қурилмайди?

туристик марказ, бухоро туристик маркази

Ботир Зарипов журналистларнинг нега мажмуа шаҳар ташқарисида қурилмаяпти, деган саволига жавоб бераркан, Самарқанддаги сайёҳлик маркази олислиги боис сайёҳларни жалб қилмаётганини айтди.

«Самарқанд шаҳрида қурилган мажмуа Самарқанд марказидан бир неча километр узоқликда жойлашган. У ерда бир қанча халқаро анжуман ва форумлар ўтказилди. Аммо туристик мажмуа туристлар оқимидан келиб чиқиб, ўз талабини қондира олмайди. Бунинг учун туризм инфратузилмаси, транспорт логистикаси, туристлар оқимининг кўпайиши, қулай логистика шароитлари талаб этилади. Бу лойиҳа самарали бўлиши учун вақт керак», — деди ҳоким.

Расмийлар Бухоронинг тарихий марказига шаҳарнинг туризм маркази сифатида қарамоқда.

«Самарқандда бундай марказ йўқ, бир объектдан иккинчисига бориш учун транспорт керак. Бухорода сайёҳлик маркази 500 гектардан ортиқ майдонни эгаллайди. Ушбу лойиҳага мувофиқ, тарихий марказ кенгайиши керак. Максимал даражада қулайлик яратиш учун тарихий марказ ёнида Бухоронинг этнотуризм лойиҳаси яратилиши керак», — деди вилоят ҳокимлиги раҳбари.