Бухоронинг тарихий қисми ва буфер зонаси билан чегарадош «Боқий Бухоро» маданий-этнографик парки лойиҳаси қиймати 470 миллион долларга баҳоланмоқда. Бу «Газета.uz» эътибор қаратган, 2024 йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарорида кўзда тутилган.

Лойиҳа 2024−2026 йилларга мўлжалланган. Чет эллик инвестор сифатида Сингапурнинг номи тўлиқ бўлмаган (PTE Ltd) компанияси белгиланган. Аввалроқ лойиҳа пудратчиси сифатида Сингапурнинг Enter Engeneering PTE Ltd компанияси танланганди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида 14,9 миллион долларлик инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган.

Лойиҳа ва аҳолининг эътирозлари ҳақида

2023 йил январь ойи бошида бухороликлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга шаҳар марказида сайёҳлик маркази қурилиши режаси юзасидан мурожаат қилганди. Лойиҳа буюртмачиси сифатида Самарқандда худди шу марказни қураётган Enter Engineering компанияси танланган

32,6 гектар майдонда мажмуа яратиш учун 29 та давлат объекти, жумладан, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри ҳокимликлари бинолари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси, Бухоро шаҳридаги 2-сонли мактаб бузилиши мумкин эди. Шунингдек, ула орасида давлат тиббиёт коллежи, Маданият коллежи, «Бухоро Арена» стадиони, ФҲДЁ ва бошқалар ҳам бўлган.

Бухоронинг тарихий қисми ва буфер зонаси билан чегарадош ҳудудларда қурилиш ва реконструксия ишлари олиб борилиши ҳисобга олиниб, лойиҳа концепциясини ЮНЕСКО билан келишиш тўғрисидаги ҳукумат қарори чиқарилган.

Kun.uz нашрининг хабар беришича, туристик марказ қурилиши учун танланган ҳудуд Бухоронинг тарихий маркази буфер зонасида жойлашгани боис ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳани қўллаб-қувватламаган.

Ҳокимлик бир йил аввал жамоатчилик ва фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда лойиҳани амалга ошириш учун бошқа ер участкалари танлаб олинишини маълум қилганди. Маъмурият, шунингдек, ЮНЕСКО хулосаси олингандан кейингина якуний қарор қабул қилиниши ва қурилиш ишлари бошланишига ишонтирганди.

Бироқ жорий йилнинг январь ойида лойиҳа барибир дастлаб режалаштирилган жойда амалга оширилиши маълум бўлди. Деярли барча иншоотлар, жумладан, стадион бузилади. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳрининг 6-микротуман ҳудудида 20 минг ўринли янги марказий стадион бунёд этилишини маълум қилган. Унга кўра, автотураргоҳлар учун 5−6 гектар ер ажратилади.

Февраль ойи бошида ЮНЕСКО ваколатхонаси Kun.uz`га ҳукумат ушбу лойиҳа учун ташкилотдан ҳали рухсат олмаганини маълум қилган ва Ўзбекистон расмийларини тарихий шаҳарнинг буфер зонасидаги лойиҳа ҳақида зудлик билан хабар беришга чақирганди. «Газета.uz» ЮНЕСКОга қўшимча саволлар билан юзланди.

Шунга қарамай, аҳоли ва ОАВ хабарларига кўра, Бухорода марказий ўйингоҳни бузиш ишлари аллақачон бошлаб юборилган.