Ҳуқуқ-тартибот идоралари «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевнинг акаси Шухрат Қудратуллаевни қўлга олди. Бу маълумотни Ички ишлар бош бошқармаси «Газета.uz»га тасдиқлади.

Келтирилишича, у Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан гумонланувчи сифатида терговга жалб этилган. Аввалроқ, 1966 йилда туғилган Шухрат Қудратуллаев қидирувга берилганди.

У билан бирга яна икки киши — 1964 йилда туғилган Ҳусан Исомиддинов ҳамда 1988 йилда туғилган Феруз Вапаевга нисбатан ҳам қидирувга берилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бўйлаб ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча боллари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилди. Тезкор чора-тадбирлар жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилгани айтилганди.

3 декабр куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва у билан яқин жиноий алоқаси бўлгани қайд этилган Достон Халиловни ушлади.

Ундан сўнг, «Бахти Ташкентский»нинг ўғли ва қатор гумонланувчилар терговга жалб қилиниб, ушланди.

Шунингдек, «Саидазиз медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиевни қўлга олинди. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар пул эвазига одамларни қарзини ундириб берган.

Шунингдек, «Салимбой» ва «Салимбойвачча» номлари билан танилган 73 ёшли тадбиркор Салим Абдувалиев процессуал тартибда ушланди. Унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини танланган. Жиноят ишининг айблови ўзгартирилиб, янада оғирроқ жазо назарда тутилган.

Бундан ташқари, Тошкентда аввал ҳам «криминал авторитет» сифатида қамалган Аббосхон Ходжаев қўлга олинди.