Туркия полицияси ва Ўзбекистон ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Қидирув бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида жиноят оламида «Моня» тахаллуси билан танилган, 2001 йилда туғилган Мунисахон Алижонова Истанбул шаҳрида қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар қилди.

У одам савдоси жиноятини содир этганликда айбланиб, 2023 йилдан буён Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувда бўлган.

Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш сўралади.

«Жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида Туркия ҳудудида ҳамкорликдаги тадбирлар тизимли равишда давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.

Бундан аввал Истанбулда 2017 ва 2018 йиллардан буён одам савдосида айбланиб қидирувда бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро қидирувга берилган 8 нафар фуқароси, жумладан, «Мадам Клод» номи билан танилган Нилуфар Мирханова Туркияда қўлга олингани хабар қилинган эди.