Қонунчилик палатаси иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқариш механизмларини такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш берди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистон Россияга қарши молиявий санкцияларга қўшилишга қарор қилди» мазмунидаги хабарлар тарқалганди.

Уларда «Қонунчилик палатаси биринчи ўқишда санкция остидаги жисмоний ва юридик шахсларга республикада банк операцияларини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ғарб давлатларининг Россияга қарши санкциялари остига 11 мингдан зиёд компаниялар ва фуқаролар тушган», — дейилади.

Озодлик радиоси мазкур қонуннинг қабул қилиниши айрим хорижий мамлакатлар фуқаролари, хусусан, Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин халқаро санкциялар рўйхатига киритилган россияликларнинг Ўзбекистон банкларида ҳисоб рақамларини очишига ҳуқуқий тўсиқлар яратиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

Россиянинг «Ведомости» нашри бу россияликларга қандай таъсир қилиши ҳақида эксперт фикрларини тўплади. «Аронов и партнёри» компаниясининг адвокати ва бошқарувчиси Александр Ароновнинг фикрича, Тошкент томонидан эҳтимолий тақиқ қўйилиши россияликлар ҳисобларининг оммавий равишда ёпилишига олиб келмайди. Аммо санкциялар рўйхатидаги шахсларга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши кутилган янгилик бўлган.

«Сўнгги пайтларда [Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги] […] барча тўловлар қийинчилик билан амалга оширилмоқда. Уларни амалга ошириш деярли имконсиз. Бу жорий қилинган санкциялар ва иккиламчи санкциялар қўлланиши билан боғлиқ хавотирларга алоқадор», — дейди Аронов.

Бу маълумотни КИАП адвокатлик бюросининг ки «Санкцион ҳуқуқ ва комплаенс» амалиёти бошлиғи Денис Примаков ҳам тасдиқлаган. Унинг «Ведомости» нашрига айтишича, Ўзбекистондаги банклар санкция остидаги шахслар билан операцияларни аллақачон амалга оширмай қўйган.

Қонунчилик палатаси айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти нотўғри ва ҳақиқатга мос келмайдиган тарзда талқин қилинаётганини таъкидлади.

«Ушбу қонун лойиҳаси ҳеч қандай давлатга қарши қаратилган эмаслигини қайд этиш лозим. Дунёнинг деярли барча мамлакатларида лойиҳада кўзда тутилган тартиб мавжуд бўлиб, унинг мақсади миллий молия ташкилотларининг ўзларига нисбатан иккиламчи санкциялар қўлланишига йўл қўймасликдир», — дейилади қўмита ахборотида.

Маълумот ўрнида, юқоридаги хабарларда назарда тутилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2024 йил 13 февралдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилинган.

«Бугунги кунда турли давлатлар, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари томонидан иқтисодий санкциялар қўлланиши халқаро иқтисодий муносабатларда ҳозирги замон воқелигига айланди. Бироқ Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигида кредит ва тўлов ташкилотлари фаолиятида иккиламчи иқтисодий санкцияларнинг қўлланиши билан боғлиқ хатарларни тартибга солиш ва назорат қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд эмас. Бундай шароитда ушбу хатарларни ҳар бир кредит ва тўлов ташкилоти ўзининг эҳтиёж ва қарашларидан келиб чиқиб белгиламоқда, ўзи маъқул кўрган даража ва кўламларда мижозларга чекловлар қўймоқда. Бундай ҳолатлар банк ҳисобварақлари очиш ва банк операцияларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларига нисбатан субъектив ёндашувларга ҳамда мижозларнинг қонуний ҳуқуқларининг бузилишига олиб келмоқда», — дея тушунтирган қўмита.

Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида кредит ташкилотлари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторларининг иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришига оид ягона талабларни белгилаш ваколатини Ўзбекистон Марказий банкига бериш назарда тутилмоқда.

«Бу банк соҳасида давлат сиёсати самарадорлигини оширишга, кредит ва тўлов ташкилотларининг мижозлар билан ишлашда яхлит, ягона ёндашув механизмини яратишга, шунингдек, аҳоли ва халқаро молия институтларининг мамлакатимиз банк тизими фаолиятига ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дейилади ахборотда.

Аввалроқ «Газета.uz» мазкур қонун лойиҳасида нималар назарда тутилаётгани бўйича маълумот берганди. Ҳужжат билан банкларга мижозлар учун ҳисобварақлар очиш ҳамда улар орқали амалга оширилиши кўзда тутилган операция оқибатида иқтисодий санкциялар қўлланиш хавфи мавжуд бўлган тақдирда, ҳисобварақлар очишни ва операцияни амалга оширишни рад этиш ҳуқуқи берилмоқда.

Шунингдек, тўлов хизматларини кўрсатувчилар мижоз билан иш муносабатига киришиши ёки у билан амалга оширилиши кўзда тутилган операция оқибатида тўлов хизматларини кўрсатувчиларга нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланиш хавфи мавжуд бўлган тақдирда мазкур мижоз билан операцияни амалга оширишни рад этишга ҳақли экани белгиланмоқда.

Бунда тўлов хизматларини кўрсатувчиларга нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланиш хавфини аниқлаш ва баҳолаш қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Бундан ташқари, нобанк кредит ташкилотлари мижоз билан иш муносабатига киришиши ёки у билан амалга оширилиши кўзда тутилган операция оқибатида нобанк кредит ташкилотларига нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланиш хавфи мавжуд бўлган тақдирда, мазкур мижоз билан операцияни амалга оширишни рад этишга ҳақли экани ҳам кўрсатилмоқда.

Нобанк кредит ташкилотларига нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланиш хавфини аниқлаш ва баҳолаш ҳам қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниши назарда тутилган.

Мазкур қонунга эҳтиёж бугунги кундаги геосиёсий шароитда қўлланилаётган иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларнинг кучайиб бораётгани Ўзбекистон банк тизимида санкциявий комплаенс тизимини ташкил этиш ва унинг самарадорлигини доимий равишда ошириб боришни, шунингдек, кредит ва тўлов ташкилотларининг санкциявий комплаенс фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш тизимининг ҳуқуқий асосини яратишни тақозо этаётгани билан асосланган.

Санкциявий хатарларни бошқаришга доир талабларни белгилаш учун ҳуқуқий асосларнинг яратилиши кредит ва тўлов ташкилотларининг санкциявий комплаенс тизимидаги камчиликларини аниқлаш ва улар билан боғлиқ хатарларни камайтириш юзасидан тегишли кўрсатмалар бериш ва таъсирчан чоралар кўриш механизмини шакллантириш имконини беради.

Шунингдек, тижорат банкларининг мижозларга ҳисобварақлар очиш ҳамда мижозлар операцияларини санкциявий комплаенс тизими доирасида амалга ошириш бўйича ваколатлари белгиланиши санкциялар билан боғлиқ хатарларни ўз вақтида баҳолаш, аниқлаш ва самарали бошқариш юзасидан зарур чоралар кўришга хизмат қилиши таъкидланганди.