Қонунчилик палатаси 13 февраль куни иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат билан банкларга мижозлар учун ҳисобварақлар очиш ҳамда улар орқали амалга оширилиши кўзда тутилган операция оқибатида иқтисодий санкциялар қўлланиш хавфи мавжуд бўлган тақдирда, ҳисобварақлар очишни ва операцияни амалга оширишни рад этиш ҳуқуқи берилмоқда.

Шунингдек, тўлов хизматларини кўрсатувчилар мижоз билан иш муносабатига киришиши ёки у билан амалга оширилиши кўзда тутилган операция оқибатида тўлов хизматларини кўрсатувчиларга нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланиш хавфи мавжуд бўлган тақдирда мазкур мижоз билан операцияни амалга оширишни рад этишга ҳақли экани белгиланмоқда.

Бунда тўлов хизматларини кўрсатувчиларга нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланиш хавфини аниқлаш ва баҳолаш қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Бундан ташқари, нобанк кредит ташкилотлари мижоз билан иш муносабатига киришиши ёки у билан амалга оширилиши кўзда тутилган операция оқибатида нобанк кредит ташкилотларига нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланиш хавфи мавжуд бўлган тақдирда, мазкур мижоз билан операцияни амалга оширишни рад этишга ҳақли экани ҳам кўрсатилмоқда.

Нобанк кредит ташкилотларига нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланиш хавфини аниқлаш ва баҳолаш ҳам қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниши назарда тутилган.

Мазкур қонунга эҳтиёж бугунги кундаги геосиёсий шароитда қўлланилаётган иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларнинг кучайиб бораётгани Ўзбекистон банк тизимида санкциявий комплаенс тизимини ташкил этиш ва унинг самарадорлигини доимий равишда ошириб боришни, шунингдек, кредит ва тўлов ташкилотларининг санкциявий комплаенс фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш тизимининг ҳуқуқий асосини яратишни тақозо этаётгани билан асосланган.

Санкциявий хатарларни бошқаришга доир талабларни белгилаш учун ҳуқуқий асосларнинг яратилиши кредит ва тўлов ташкилотларининг санкциявий комплаенс тизимидаги камчиликларини аниқлаш ва улар билан боғлиқ хатарларни камайтириш юзасидан тегишли кўрсатмалар бериш ва таъсирчан чоралар кўриш механизмини шакллантириш имконини беради.

Шунингдек, тижорат банкларининг мижозларга ҳисобварақлар очиш ҳамда мижозлар операцияларини санкциявий комплаенс тизими доирасида амалга ошириш бўйича ваколатлари белгиланиши санкциялар билан боғлиқ хатарларни ўз вақтида баҳолаш, аниқлаш ва самарали бошқариш юзасидан зарур чоралар кўришга хизмат қилиши таъкидланди.