Тошкент шаҳрида аҳоли учун иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифларини ошириш таклиф қилинмоқда. Veolia Energy Tashkent компанияси директори Алишер Хайитметов 8 февраль куни халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида шундай таклиф билан чиқди.

Аҳоли учун тариф бир Гкал учун 91 960 сўмдан 105 754 сўмгача оширилиши режалаштирилган.

«Ҳозирги кунда асосий тариф [иссиқ сув учун] 664 минг сўмни ташкил этади. Бунинг 14 фоизини, яъни 91 960 сўмини аҳоли тўлайди. Қолган 570 минг сўми маҳаллий бюджетдан субсидия шаклида ажратилган. Маҳаллий бюджетга юкни камайтириш учун [тарифни] 15 фоизга ошириш ва 105 754 сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда. Шунда аҳоли базавий тарифнинг 16 фоизини тўлайди», — дейди у «Ёшлар» телеканали репортажида.

Алишер Хайитметов. Фото: Тошкент шаҳри кенгаши.Алишер Хайитметов. Фото: Тошкент шаҳри кенгаши.

Депутат Наима Жабборова крандан совуқ сув келаётгани, унинг исиши учун узоқ кутишга тўғри келаётганидан шикоят қилди. У совуқ сув оқимини ҳисобга оладиган ҳисоблагичларни ўрнатиш ваъдаларини эслатди, шунингдек, иссиқ сувнинг сифатсизлиги ҳақида гапириб, ҳали ҳам «сариқ сув» оқаётганини таъкидлади.

Алишер Хайитметов муаммолар борлигини тан олиб, уларни 1−2 йил ичида ҳал қилиб бўлмаслигини, бироқ бу борада иш олиб борилаётганини таъкидлади.

Яна бир депутат Ҳусниддин Эргашев Veolia компаниясини юқори баҳолаб, ушбу компания фаолият юритаётган ҳудудларда аҳоли кўрсатилаётган хизматлардан мамнун эканини таъкидлади. У компанияни қувурларни таъмирлаш ва иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш учун кўпроқ маблағ ажратишга чақирди.

Телеканал репортажида депутатлар бу таклифга қандай жавоб бергани ҳақида маълумот берилмаган. Улардан бирининг «Газета.uz»га айтишича, таклиф маъқулланган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил якунига кўра, юридик шахслар учун иссиқлик таъминоти хизматлари тарифлари 1,5 бараварга, бюджет муассасалари учун эса 1,6 баробарга ошганди. Ўшанда аҳоли учун тариф ўзгаришсиз қолганди, Veolia Energy компаниясининг иссиқлик таъминоти учун базавий тарифи 67,3 фоизга — 664 465 сўмга ошган.

Пойтахт бюджети барча харажатларининг тўртдан бир қисми аҳоли учун пасайтирилган тарифлардан фойдаланиш натижасида иссиқлик таъминоти корхоналарининг йўқотишларини қоплашга йўналтирилади. 2024 йилда бунинг учун 1,97 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган, бу 2023 йил прогнозидан (1,6 триллион сўм) 22,8 фоизга кўп.