Veolia Energy Tashkent компаниясининг аниқлик киритишича, 1 декабрдан бюджет ташкилотлари ва юридик шахслар учун иссиқлик таъминоти нархларининг ошиши кучга киради.

Аввалроқ халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши томонидан 2023−2024 йиллар иситиш мавсуми учун янги тарифлар тасдиқланганди.

Тадбиркорлар ва аҳоли учун тарифлар:

  • аҳоли учун тариф ўзгаришсиз қолади ва у 1 Гкал учун 91 960 сўмни ташкил этади;
  • юридик шахслар учун 1,5 бараварга — 1 Гкал учун 141 737 сўмдан 212 606 сўмгача ошади;
  • бюджет ташкилотлари учун 1,6 бараварга — 1 Гкал учун 502 067 сўмдан 801 963 сўмгача ошади.

Эслатиб ўтамиз, тарифлар ўртасидаги фарқ Тошкент бюджетидан (баъзан республика бюджетидан) субсидиялар ҳисобидан қопланади, яъни нархлар кўтарилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, билвосита — уларнинг солиқлари ҳисобига таъсир қилади. 2023 йилда иссиқлик таъминоти корхоналарининг йўқотишларини қоплаш учун давлат бюджетидан 1,8 триллион сўм, 2024 йилда эса 4,5 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган. Иссиқлик таъминоти тармоғи ва жамоат транспорти учун тўловлар миқдорининг кескин ошишини 1 октябрдан газ ва электр энергияси нархи ошгани, шу сабабли иссиқлик электр станциялари ва автобуслар ёқилғини оширилган нархларда харид қилаётгани билан изоҳлаш мумкин.