28 декабрь куни Тошкент шаҳри халқ депутатлари кенгаши шаҳар ва туманларнинг 2024 йилги бюджетини тасдиқлади. Кенгаш раиси томонидан имзоланган Тошкентнинг бош молиявий ҳужжати жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмади.

Кенгаш сессияси 27 декабрь куни бўлиб ўтди, бироқ йиғилиш жонли эфирда кўрсатилмади, ёзиб олинган видеоси ҳам ҳеч қаерда эълон қилинмади. Ҳокимлик Telegram каналида эълон қилинган пресс-релизда 2024 йилги бюджет қабул қилиниши ҳақида сўз бормаган.

2024 йилда шаҳар (шу жумладан, туманлар) бюджетининг харажатлари 9,68 триллион сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда, бу 2023 йил прогнозига (7,74 триллион сўм) нисбатан 26,3 фоизга кўпдир. Харажатлар жумласига республика бюджетидан 513,8 млрд сўмлик трансфертлар ҳам киради.

Пойтахт бюджети туманларни ҳисобга олмаганда 8,077 трлн сўм миқдорида прогноз қилинмоқда, бу ўтган йилги кўрсаткичдан (6,41 трлн сўм) 26 фоизга кўп.

Барча харажатларнинг тўртдан бир қисми иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчиларга аҳолига кўрсатилган иссиқлик таъминоти хизмати учун пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида юзага келадиган зарарни қоплаш харажатларига тўғри келади. Бунинг учун 1,97 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган, бу 2023 йил прогнозидан (1,6 триллион сўм) 22,8 фоизга кўпдир.

Харажатлар таркибига, жумладан, қуйидагилар киритилган: ташқи қарз бўйича тўловлар — 232,57 миллиард сўм, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ЎТТЖ, суверен жамғарма) кредитини қайтариш учун маблағлар — 234,88 миллиард сўм, шунингдек, чет эл кредитларини қоплаш бўйича маблағлар — 12,99 млрд сўм.

Жамоат транспортининг брутто шартномаси асосида кўрсатиладиган хизматлар учун субсидиялар бўйича 1 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилиши режалаштирилган. Жорий йилда бу мақсадда давлат бюджетидан 412 миллиард сўм маблағ ажратилганди.

Брутто шартномалар йўловчи ташишни ташкил этиш модели бўлиб, унда барча тушумлар шаҳар бюджетининг махсус ҳисобрақамига ўтказилади ва шаҳар маъмурияти ташувчига йўналишлар бўйича ташувларни амалга оширгани учун бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда уларнинг сифатини назорат қилиш шарти билан ҳақ тўлайди. Бу ҳақда «Газета.uz» батафсил ёзганди.

Метрополитенда аҳолига чекланган тарифларда хизмат кўрсатиш натижасида кўриладиган зарарни қоплаш харажатлари — 575,7 млрд сўм. Бу аввалги (141,8 млрд сўм) режалаштирилганидан 4 баробар кўпдир. Шу билан бирга, декабрь ойи охирида жорий йилги бюджет тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилиб, пойтахт метрополитенидаги йўқотишларни қоплаш учун республика бюджетидан 278,5 миллиард сўм ажратилди.

Ободонлаштириш бош бошқармаси бюджетини 14,7 фоизга — 474,7 миллиард сўмдан 544,6 миллиард сўмга, Соғлиқни сақлаш бошқармаси бюджетини 2,1 триллион сўмга (+13,9 фоиз), Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бюджетини 485,99 млрд сўм (+37,9%)га ошириш режалаштирилган.

Кўп қаватли уйлардаги лифтларни таъмирлаш ва янгилашга 143,2 млрд сўм (+10%, 130,2 млрд сўм эди) сарфлаш режалаштирилган. 2021 йил бошида Монополияга қарши қўмита кўп қаватли уйларда лифтларни таъмирлаш ва ўрнатиш соҳасида «Технопарк» (таъсисчиси — Тошкент ҳокимлиги) монополиясига қарши чиққанди.

«Газета.uz» аввалроқ 2024 йилда Тошкент бюджети даромадлари қандай бўлиши кутилаётгани ҳақида ёзганди.