29 январь куни Тошкент халқаро аэропортининг жўнаб кетиш терминалида меҳмонхона ўз фаолиятини бошлади. Унинг очилишида Uzbekistan Airports компанияси вакиллари, журналист ва блогерлар қаторида «Газета.uz» мухбири ҳам қатнашди.

Ўзбекистон аэропортлари ичида биринчи бўлиб қурилган меҳмонхона жўнаб кетиш терминалининг кутиш залида, «Арт базар» мажмуасининг чап томонида жойлашган. У икки қаватдан иборат бўлиб, 24 та кичик хонаси мавжуд. Улардан 23 таси стандарт, биттаси люкс хона бўлиб, оилавий йўловчилар учун мўлжалланган.

E-auksion.uz электрон платформасидаги савдолар орқали умумий майдони 240 квадрат метр бўлган меҳмонхона хусусий компания бошқарувига ўтказилган ва Khamsa hotel бренди остида фаолият юритади. Тарифлар фойдаланиш муддати ва хона классига қараб 30 доллардан 150 долларгача.

Меҳмонхонанинг биринчи қаватида рўйхатга олиш ҳудуди, маълумот таблоси, ювиниш хонаси ва ҳожатхона бор. Хоналар бир кишилик ётоқ кўринишида бўлиб, минимал жиҳозлар — чироқ, ойна, кийим илгич, қўл юки учун жавон ва стол билан жиҳозланган.

«Меҳмонхонамиз, асосан, транзит зонадаги, учинчи давлатга учиб кетадиган йўловчилар учун қулайлик беради. Бундан ўз фуқароларимиз ҳам вақтлироқ келишганида ёки рейслар кечиктирилганида фойдаланишлари мумкин. Меҳмонхонамизни исталган тегишли сайт орқали брон қилиш мумкин. Дастлабки 10 соатли хизмат — киши бошига 600 минг сўм. 10 соатдан ошиб, бир кунга айланса, бу нарх 1 млн 200 минг сўмга чиқади. Ҳар бир хонада индивидуал бортга таклиф қилиш тизими мавжуд», — деди тадбиркор Абдуқаюм Абдуллаев.

Унинг қўшимча қилишича, келгусида Қарши, Самарқанд, Урганч ва Фарғона аэропортларида ҳам шундай меҳмонхоналар очилиши режалаштирилмоқда. Шунинг учун меҳмонхона тармоғи «Хамса» деб аталган.

Меҳмонхона шарқона услубда маҳаллий рассом Бобур Исмоилов томонидан яратилган. Унинг сўзларига кўра, меҳмонхонага шарқона ҳашаматни беришга, хоналарда эса Европа минимализми ва ихчамлигини сақлашга ҳаракат қилинган. Бироқ ҳозирча меҳмонхонада тасвирий санъат асарлари чизишга улгурилмаган.