Тадбиркорларга экотуризм объектларини қуриш учун давлат қўриқхоналари ва ўрмонлардан ерлар берилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 12 январда имзолаган экологик туризмни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган (ҳужжат нусхаси «Газета.uz»да бор).

Қайд этилишича, давлат қўриқхоналари буфер зоналари, миллий табиат боғлари, питомниклар (қўриқхонага айлантирилган зоналар бундан мустасно), ўрмон ва ўрмон-ов хўжаликлари, тоғли ва чўл ҳудудлари ҳамда сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида жойлашган ер участкалари туристик кластерлар ташкил этиш учун тадбиркорларга ижарага берилади.

Ерлар уларнинг тоифаси ўзгартирилмаган ҳолда Е-аuksion электрон савдо платформаси орқали фаолият кўрсатиш муддатини кейинчалик узайтириш имконияти билан 10 йил муддатга ижарага берилади. У ерда қуриладиган туристик объектлар енгил ва тез қуриладиган конструкцияли ҳамда экологик тоза қурилиш материалларидан қурилиши керак бўлади.

Шунингдек, тадбиркорлар экоҳудудда ноёб табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг генетик фондини сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга масъул бўлади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан экоҳудудларни ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади. Дастурлар кластерларда туризм хизматларини кўрсатишда атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмаслик масаласига қаратилади.

Қарорга кўра, экоҳудудларда ҳудуднинг мавжуд табиий ресурсларидан келиб чиққан ҳолда туристик сўқмоқлар, селфи зона ва пикник зоналар, манзарали томоша қилиш майдончалари ва ҳайвонларни масофадан кузатиш имконини берувчи фототурларни ташкил қилиниши, шунингдек, кемпинг, глэмпинг, ўтов, экоуйлар ва бошқа турдаги жойлаштириш воситаларини йўлга қўйилиш режалаштирилмоқда.

Бу ҳудудларнинг кириш қисмида электромобиллар учун қувватлантириш станциялари, кўчма ресторанлар мавжуд бўлган автотураргоҳлар ташкил қилинади. Чиқиндиларни ташлаш ва йўл кўрсаткичлари ҳамда экологик талабларга жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчаларини жойлаштирилади.

Ижарадан тушган маблағларнинг 50 фоизи давлат қўриқхоналари буфер зоналари, миллий табиат боғлари, питомниклар ерларидан доимий фойдаланувчиларга, 10 фоизи Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказига, 40 фоизи Экология жамғармасига ўтади.

Бундан ташқари, 2024 йил 1 сентябрга қадар «Табиатга саёҳат» электрон платформаси ва унинг мобил иловасини ишга туширилади. Ундан экоҳудудлардаги туристик кластерлар электрон харитаси, тақдим этиладиган хизматлар тўғрисидаги маълумотлар, олдиндан банд қилиш, мавжуд тоғ ва ғорлар, туристик сўқмоқлар ҳамда уларнинг имкониятлари тўғрисидаги маълумотлар жой олади.