Шавкат Мирзиёев 16 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида «Донмаҳсулот» таркибидаги корхоналар нархи сунъий ошириб юборилгани учун сотилмаётганини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Донмаҳсулот» таркибидаги савдога чиқарилган 43 та корхонадан бор-йўғи 10 таси сотилган. Айримлари 2−3 йилдан бери сотилмасдан турибди. Бунга сабаб сифатида корхоналар нархи хусусий секторга бермаслик учун сунъий ошириб юборилгани кўрсатилди.

Президент масъул амалдорларга сотилмасдан турган 33 та дон корхонаси нархини бозор қийматига келтириб, жорий йилда сотилишини таъминлаш вазифасини топширди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев хусусийлаштириш дастурига киритилган 484 та давлат активлари савдога чиқарилмаётгани танқид қилди. Буларнинг ҳисобидан яна 200 млрд сўм тушумни таъминлаш имкони мавжуд бўлган. Вазирлар Маҳкамасига қолоқликларни бартараф этиб, 2024 йилда 20 трлн сўм тушум таъминлайдиган янги хусусийлаштириш дастурини киритиш топшириғи берилди.

Йиғилишда, шунингдек, 2023 йилда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилгани маълум қилинди. «Замонга муносиб фикрлаш, қарор қабул қилишда тезкорлик етишмаётгани» сабаб ҳукуматнинг иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар сонини 15 фоизга (ҳозир улар 40 нафар) қисқартириш тўғрисида топшириқ берилди.

Бундан ташқари, иқтисодий комплекс раҳбарларига ойлик, чораклик ва йиллик самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши маълум қилинди. Иш ҳақи ҳам уларнинг ижросига боғланади.

Шавкат Мирзиёев 2024 йил иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлади.

Давлат молиявий назорати инспекцияси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ўтказилиши маълум қилинди. Департамент ва Ҳисоб палатаси биргаликда ишлаб, яширин иқтисодиётни жиловлаш ва бюджет маблағларини тўғри сарфланиши учун жавобгар бўлади.