2023 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 6 фоизга ўсган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилиш аввалида иқтисодий комплекс мавзуси биринчиси экани, келгусида барча соҳа ва тармоқлар фаолияти танқидий кўриб чиқилиши таъкидланди.

Шунингдек, ўтган йили иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилгани, бу йил ҳам бу борада катта режалар олингани қайд этилди.

Октябрдаги президент иштирокидаги йиғилишда йил якунлари бўйича ЯИМ ўсиши камида 5,6 фоиз бўлиши кутилаётгани айтилганди.

Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистоннинг 2023 йилги иқтисодий ўсишини 5,5 фоизга баҳолаганди. Йил бошида Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсишини 4,9 фоиз даражасида прогноз қилган бўлса, июнь ойида кўрсаткични 5,1 фоизга, октябрь ойида эса 5,5 фоизга яхшилаган эди.

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонда 2024 йилда иқтисодий ўсиш 5,7 дан 5,2 фоизгача секинлашиши, инфляция эса энергия тарифлари ошиши ҳисобига 11 фоизгача тезлашишини прогноз қилганди.