Шавкат Мирзиёев 16 январь куни бўлиб ўтган иқтисодиёт бўйича иқтисодий ривожланиш бўйича видеоселектор йиғилишида 2024 йил иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

Йиғилишда жорий йилда ялпи ички маҳсулотни камида 6 фоизга кўпайтириб, 100 миллиард долларга етказиш режа қилингани таъкидланди. Лекин ўтган йили саноат 6 фоиз ўсгани билан, ишлаб чиқаришда қўшилган қиймат 40 фоиздан ошмаётгани кўрсатиб ўтилди.

«Бу рақамлар бизни қониқтирмайди. Булар асосан импортга қарамлик ва энергия истеъмоли юқорилиги ҳамда ортиқча харажатлар кўплиги сабабли бўлмоқда», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Йирик саноат тармоқларига солиқ юки камайтирилган бўлса-да, кўп тармоқлар давлатга тушумни таъминлаш ўрнига харажатини ошираётгани қайд этилди. Жумладан, 10 та йирик корхонада харажатлар даромаддан тезроқ ўсгани кузатилган.

Йиғилишда масъулларга 2024 йилда қўшилган қийматни 45 фоиздан ошириш, таннархни 15 фоизга камайтириш, умуман, саноатда 7 фоиз ўсишни таъминлаш бўйича корхонабай чора-тадбир тасдиқлаб, амалга ошириш топшириғи берилди. Шунингдек, йирик тармоқларда таннархни 20 трлн сўмга, дебитор қарздорликни 8 трлн сўмга камайтириш зарурлиги таъкидланди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Стратегик ислоҳотлар агентлигига ҳар ойда камида 2 тадан тармоқни таҳлил қилиб, қандай қилиб таннархни камайтириш, қўшилган қиймат ва меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда янги имкониятларни ишга солиш мумкинлигини кўрсатиб бериш вазифаси берилди.

2024 йилда иқтисодиётда самарадорликни ошириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг камида 6 фоиз ўсишини таъминлаш иқтисодий комплекс раҳбариятининг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Йиғилишда, шунингдек, 2023 йилда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилгани маълум қилинди. «Замонга муносиб фикрлаш, қарор қабул қилишда тезкорлик етишмаётгани» сабаб ҳукуматнинг иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар сонини 15 фоизга (ҳозир улар 40 нафар) қисқартириш тўғрисида топшириқ берилди.

Бундан ташқари, иқтисодий комплекс раҳбарларига ойлик, чораклик ва йиллик самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши маълум қилинди. Иш ҳақи ҳам уларнинг ижросига боғланади.