Давлат молиявий назорати инспекцияси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ўтказилади. Бу ҳақда президент раислигидаги селекторда маълум қилинди.

«Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси фаолияти мутлақо қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди. Инспекция фақат камчилик аниқлайдиган идорага айланиб қолгани, профилактика билан эса иши йўқлиги, тизимида коррупция улуши юқорилиги танқид қилинди», — дейилади хабарда.

«Бюджет маблағини тақсимлаш ҳам, уни назорат қилиш ҳам битта вазирликда бўлиши нотўғри экани таъкидланди. Шу боис Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳам Бош прокуратура Департаментига ўтказилади».

Шу билан бирга Ҳисоб палатаси ходимлари бюджетдан энг кўп маблағ оладиган 12 та вазирликка бириктирилади. Вазирликларнинг ҳар бир харажати улар билан келишилгандан кейин амалга оширилиши белгиланди.

Умуман, Департамент ва Ҳисоб палатаси биргаликда ишлаб, яширин иқтисодиётни жиловлаш ва бюджет маблағларини тўғри сарфланиши учун жавобгар бўлади.

Аввалроқ Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига тергов юритиш ваколати берилишини хабар қилгандик.