Шавкат Мирзиёев 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар сонини 15 фоизга қисқартириш бўйича таклиф киритишга топшириқ берди.

Иқтисодий комплексда жами 40 нафар раҳбар ўринбосарлари борлиги таъкидланди.

«Лекин, ҳозир иқтисодиётга масъулларда замонга муносиб фикрлаш, қарор қабул қилишда тезкорлик етишмаяпти. Айрим раҳбар ўринбосарлари ўзига масъулият олмасдан, мудраб ўтиргани танқид қилинди», — дейилади Шерзод Асадов хабарида.

Давлат раҳбари тизимни қайта кўриб чиқиб, иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар сонини 15 фоизга қисқартириш бўйича таклиф киритишга топшириқ берди.

Бунда ҳар бир туманда, вилоятдаги иқтисодий комплекснинг раҳбар ва ўринбосарлари ҳамда 11 та вазир ва идора раҳбари, ўринбосарларига масъулияти ва жавобгарлиги аниқ белгилаб берилади. Президент сўров ҳам шунга яраша қаттиқ бўлишини қайд этди.