Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида иқтисодий комплекс раҳбарларига ойлик, чораклик ва йиллик самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши маълум қилинди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

«Иш ҳақи ҳам уларнинг ижросига боғланади. Ушбу раҳбарлар бир ҳафта муддатда халққа мурожаат қилиб, режаларини оддий тилда тушунтиради ҳамда ўзига катта масъулият ва жавобгарлик олади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, энди вазир ўринбосарларини 70 фоиз иши туманда бўлиб, улар вазирлик учун белгиланган KPI ижросини жойида ташкил қилади. Белгиланган режаларга эришиш устидан қатъий назорат ўрнатилади: вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботи ҳар ҳафтада Ҳукумат раёсатида, ҳар чоракда эса Олий Мажлисда кўриб чиқилади.

Йиғишишда, шунингдек, 2023 йилда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилгани, бу йил ҳам бу борада катта режалар олингани қайд этилган.

Маълумот ўрнида, аввалроқ ҳоким ўринбосарлари ва «Маҳалла еттилиги» учун KPI (Key performance indicators — асосий самарадорлик кўрсаткичлари) белгиланиши ҳақида хабар берилганди.